Шавкат Мирзиёев Наврўз байрамида қатнашди
Жамият
−
21 Март 1835 4 дақиқа
Бугун, 21 март куни “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, бутун халқимизни қутлади. Бу ҳақда Президент мутбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари ўз табригида бу йилги Наврўз айёми муборак Рамазон ҳайити билан бир паллада нишонланаётганини алоҳида таъкидлаб, табиат уйғониши ва руҳий покланиш рамзи бўлган ушбу қутлуғ кунлар барча учун эзгулик, бирдамлик ва хайр-барака байрами эканини қайд этган. Шунингдек, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган ўзбекистонликларга самимий салом ва тилаклар йўлланган.

Президент миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ўзбекистонликни рози қилиш, халқ фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаган. Бу йил байрам “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган ғоя асосида ўтаётгани ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси экани қайд этилган.

Маросимда барча ҳудудларга, қишлоқ ва овуллар, маҳаллаларга янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича катта ҳаракат бошлангани таъкидланган. Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида улкан қадамлар қўйилаётгани, мамлакатда замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилаётгани қайд этилган. Келгусида бундай бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенгайиши таъкидланган.


Давлат раҳбари ушбу файзли тонгда миришкор деҳқон ва фермерларга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирган. Уларнинг халқ дастурхонини тўкин ва фаровон қилишдек шарафли меҳнати эътироф этилиб, бу борада давлат ва жамият томонидан доимий қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши айтилган.

Президент янги Ўзбекистон мамлакат ёшлари учун юксак парвозлар ва катта ғалабалар майдонига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаган. Бугун таълим, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари ва бизнес соҳаларида янги номлар, янги қаҳрамонлар пайдо бўлаётгани, ана шундай билимли, жўшқин ҳамда изланувчан ўғил-қизлар билан бутун халқ ҳақли равишда фахрланиши қайд этилган.

Давлат раҳбари ёшларга мурожаат қилиб, уларга Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек юксак шараф насиб этаётганини таъкидлаган. Уларни бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, кенг имкониятлар, ота-она ва устоз-мураббийлар меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, билим ва маҳоратни доимий ошириб боришга чақирган. Шу йўлда мамлакат ёшлари учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёрлик билдирилган.

Маросимда маҳалла тизимининг жамият ҳаётидаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да катта дастур ва режалар амалга оширилаётгани, бу ишларга оила ва жамиятда тинчлик-тотувликни, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, эзгулик ва адолатни қарор топтиришда отахон ва онахонлар, “маҳалла еттилиги” ва фаол фуқаролар яқиндан иштирок этишларига ишонч билдирилган.

Шу муносабат билан Президент эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан жонкуяр маҳалла раислари ва фаолларини, барча юртдошларни самимий табриклаб, уларга янги муваффақиятлар тилаган.

Таъкидланганидек, минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган Наврўзнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ушбу байрамни бир бўлиб, шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Ана шундай аҳиллик ва тотувлик янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолати экани таъкидланган.

Жамиятда миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилиши қайд этилган. Шунингдек, қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақанинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратилиши таъкидланган.

Давлат раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам Халқаро Наврўз куни билан самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига эзгу тилакларини йўллаган.
Президент бутун халққа яна бир бор мурожаат қилиб, шундай деди:
“Азалий анъаналаримизни давом эттириб, кўчат экиб, боғ яратайлик, уйимиз, маҳалламизни обод қилиб, ҳаётимизни янада гўзал ва фаровон этайлик!
Яхши қўшничилик, аҳиллигимиз ва эзгу ишларимиз билан юксак марраларга интилаётган халқ эканимизни дунёга намоён этайлик!
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!”.
Байрам катта концерт дастури билан давом этган. Фольклор-этнографик жамоалар ҳамда санъаткорларнинг чиқишлари, миллий ўйин ва аскиялар барчага завқ-шавқ улашган.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, парламент ва ҳукумат аъзолари, турли ҳудудлардан меҳмонлар, мамлакатда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этган.