Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти билан телефонда гаплашди
Жамият
−
12:01 788 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилиб, Қозоғистондаги муҳим-сиёсий сайловнинг муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор қутлади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон Президентини мамлакат тарихида илк маротаба бир палатали Қурултойга сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаган.
Янги Қурултой Қозоғистонда изчил ислоҳотларни янада илгари суришда муҳим омил бўлиши, кенг кўламли ўзгаришларни қонунчилик жиҳатидан самарали таъминлаши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлашига ишонч билдирилган.
Шунингдек, суҳбат давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.
Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Телефон мулоқотида етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Маълумот учун, Қозоғистонда кеча, 23 август куни тарихда илк бор янги бир палатали парламент – Қурултой депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Сайловда 145 та депутатлик ўрни учун 7 та сиёсий партиядан 545 нафар номзод қатнашди. Овоз беришда 9,35 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этган, давомат 74,19 фоизни ташкил қилган.
Дастлабки экзитполларга кўра, Президент Қосим-Жомарт Тўқаевни қўллаб-қувватловчи “Адолат” партияси 70,7–72,3 фоиз овоз билан яққол пешқадам бўлган. “Овул” 6,2–6,4 фоиз, республикачилар 5,2–5,5 фоиз, “Оқ йўл” ва ОСДП эса қарийб 5 фоиз овоз олган. Қозоғистон Халқ партияси ва “Байтақ” 5 фоизлик натижадан ўта олмаган.
Сайлов мамлакатда янги Конституция қабул қилиниб, аввалги икки палатали парламент ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилганидан кейинги биринчи парламент сайлови бўлди. Расмий якуний натижалар эса ҳали эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга мактуб йўллаб, мамлакатнинг янгиланган парламенти – Қурултойга сайловлар халқаро стандартлар ва демократик тамойиллар асосида муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаганди.
Live
Барчаси