Шавкат Мирзиёев ИҲТ бош котибини Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
18 Август 2022
5454Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 август, Саудия Арабистонига давлат ташрифининг иккинчи кунида Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашди.
Бугунги кунда Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1 миллиард 700 миллион аҳоли яшайдиган 57 та давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик халқаро тузилмалардан биридир. Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлганидан буён ташкилот билан савдо-иқтисодий, илмий, маданий ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Учрашувда ушбу нуфузли халқаро тузилма ҳозирги замон хатарлари шароитида ислом қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон билан ОИС ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги даражаси, уларни барча долзарб йўналишларда янада кенгайтириш истиқболлари юксак баҳоланди.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотида алоҳида ўрин тутиши, расмий Тошкент илгари сураётган лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этди. ИҲТ мамлакатлари туризм вазирлари томонидан Хива шаҳри 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилингани билан табриклади.
Ўзбекистон бундан буён ҳам таълим, фан, инновациялар соҳаларида, иқлим ўзгариши масалаларида ИҲТ билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди.
Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш каби муҳим ижтимоий йўналишларда, шу жумладан ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида тажриба алмашишга келишиб олинди.
Ўзбекистоннинг фан ва таълим соҳаларидаги бой салоҳияти қайд этилар экан, ИҲТ мамлакат билан ташкилотга аъзо ривожланаётган давлатларда ёшларни ўқитиш ва малакасини ошириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
“Ўзбекистон – буюк мутафаккирлар ва олимлар юрти, ташкилотимиз бу соҳаларда республикангиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор”, деган бош котиб.
Афғонистон халқига гуманитар кўмак кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Термиздаги логистика марказини ривожлантириш орқали ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини етказиш мумкинлиги қайд этилди. Термиздаги Афғон ёшлари учун таълим маркази фаолиятига юқори баҳо берилди.
Глобал, энг аввало, Орол минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. ИҲТ бош котиби жорий йил мартда Исломободда ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Оролбўйи ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги тўғрисидаги резолюцияларни қўллаб-қувватлаганини қайд этди.
“Орол денгизи ва Чад кўлининг қуриши бир-бирига ўхшаш муаммолардир, ушбу глобал экологик хатарларни бартараф этиш халқаро ҳамжамият ва молиявий институтларни жалб қилишга қаратилган умумий ҳамкорликни тақозо этади”, дейди Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.
Уларга ечим излаш мақсадида илмий ва амалий тажриба алмашиш, халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев бош котибни Ўзбекистонга ташриф билан боришга таклиф этди. Ҳусайн Иброҳим Тоҳа бу таклифни мамнуният билан қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь