Шавкат Мирзиёев БМТ Туризм бош котибини қабул қилди
Жамият
−
18:10 909 2 дақиқа
Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ташриф билан бўлиб турган БMT Туризм бош котиби Шайха Носир Ал Новайсни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва БМТнинг ушбу ихтисослашган муассасаси ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Ташкилот раҳбари Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаган. Сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва хизматларни диверсификация қилиш бўйича изчил чоралар амалга оширилмоқда. Авиақатновлар географияси кенгаймоқда, янги музейлар ташкил этилмоқда, йирик маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Сўнгги 8 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 6 баробар кўпайиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани алоҳида қайд этилди. 2030 йилга қадар уларнинг сонини 20 миллионга, туризмнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улушини эса 7 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва БМТ Туризм ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатда ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланган. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Ташкилот Бош Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилган, Халқаро туризм академияси ташкил этилди, яқинда эса “Ипак йўлида туризм” мавзусидаги офиснинг очилиши бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинган.
Суҳбат чоғида томонлар шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, сайёҳлик соҳасида халқаро ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлик ва техник ҳамкорликни кенгайтириш, туризм соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ниятида эканини қатъий тасдиқлаган.
Live
Барчаси