Шавкат Мирзиёев 83 нафар аёлни афв этди
Жамият
−
06 Март 2020
5252Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкума аёлларни афв этиш ташаббуси билдирилди. Шунга мувофиқ, Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия, бошқа мутассади идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бевосита жойларга чиққан ҳолда маҳкума аёлларнинг шахсини ўрганиш ва улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Фармонга мувофиқ жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёллар афв этилди.
“Афв этилган аёлларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 29 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 17 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 58 нафар аёл жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда. Шунингдек, 25 нафар маҳкума аёлга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади”, дейилади хабарда.
Афв этилганларнинг 7 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган аёлларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
LiveБарчаси