Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Бугун, 24 февраль куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг 2025 йил 8 июль куни пора билан қўлга олинган ҳокими Маҳмуд Холбўтаевга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Қайд этилишича, бугун эълон қилинган жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг ҳукмига мувофиқ, Маҳмуд Холбўтаев (1971 йилда Жиззах вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “б”, “в”, “г” бандлари, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Суд ҳукми билан Маҳмуд Холбўтаевга 3 йил ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 150 баравари миқдорида жарима жазоси ҳамда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган

Шунингдек, Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаган Н.И. (эркак, 1987 йилда Жиззах вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 28,210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 2 йил ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчилар тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 2025 йил 8 июль куни қўлга олинган эди. У ҳибсда бўлишига қарамасдан ҳоким номидан қарорлар чиқарилгани аниқланган. E-qaror платформасига шундай қарорлардан 5 таси жойлаштирилган.

Жумладан, халқ депутатлари туман кенгашининг 2025 йил 8 июлдаги қарори билан туман Ободонлаштириш бошқармасига 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман марказий кўчасини тартибга келтириш ва байроқлар сотиб олишга 42 млн сўм, тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган том қисмини таъмирлаш учун шифер сотиб олишга 70 млн сўм ажратиш белгиланган. Ўша кунги яна бир қарор билан эса туман ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 150 млн сўм ажратилган.

Шунингдек, 2025 йил 9 июлдаги қарорлар билан туманда ташкил қилинган оила ва хотин-қизлар бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 100 млн сўм, Тоқчилиқ маҳалласи, Отчопар массивида сунъий қопламали мини футбол майдонини қуриш учун 200 млн сўм ва Қулписар маҳалласидаги маданият бўлимига қарашли бинони жорий таъмирлаш учун 400 млн сўм, туман ҳокимлиги моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, офис техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 255 млн сўм ажратиш белгиланган.

Маълумот учун, Маҳмуд Холбўтаев бундан аввал – 2012 йилда айнан порахўрлик айблови билан жиноий жавобгарликка тортилган. У 2004 йилда Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокими бўлган. Ўша йилда у Ўзбекистон Олий Мажлисининг сенатори этиб тайинланган. 

2019 йил октябрда Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган Холбўтаев мамлакат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Дўстлик” ордени билан ҳам тақдирланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Маҳмуд Холбўтаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг