“Шарманда!” Саида Мирзиёева Тошкентдаги дизайн-кодини шундай баҳолади
Жамият
−
31 июл 34957 4 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида шаҳарда дизайн-код борасида олиб борилаётган ишларни шармандали деб атади. У бу ҳақда кеча, 30 июль куни пойтахтнинг Миробод тумани “Лолазор” маҳалласига аҳоли мурожаатидан кейин амалга оширган ташрифи давомида гапирган.
Маҳаллада ноқонуний қурилаётган иншоот, бу ерда болалар майдончаси бузиб ташланиб, дарахтлар қўпорилгани ҳақида ахборот бериш учун шай турган Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга юзланган Саида Мирзиёева Тошкентдаги муаммоларга ҳам тўхталиб, шундай деган:
“Арча байрам қилиб юборманглар. Шаҳарнинг дизайн-коди муҳим масала. Мен кўриб турибман дизайн-кодингизни, шарманда ҳамма жой”.
Саида Мирзиёева маҳаллани тарк этаётиб, Бахтиёр Раҳмоновнинг қўлини маҳкам сиқиб, дизайн-код ва бошқа масалаларни ҳоким Шавкат Умурзоқовга етказишини буюраркан "Шарманда қилмасин", деди.
Гап шундаки, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2026 йил 17 февралдаги қарори билан Тошкент шаҳрининг “Дизайн-коди” қоидалари расман тасдиқланган ва жорий этиш чора-тадбирлари белгиланган.
Қоидалар пойтахт кўчалари ва биноларини тартибсиз реклама баннерлари, эълонлар ҳамда шаҳар эстетикасига мос келмайдиган визуал “чиқиндилар”дан тозалашга, шаҳарсозлик меъёрларига амал қилган ҳолда ягона, замонавий архитектура қиёфасини яратишга қаратилгани айтилди.
Бироқ тадбиркорлар дизайн-код бизнес манфаатларига зид ишлаб чиқилганидан норози бўлди. Дизайн-кодда пешлавҳалар ва рекламада “паст тўйинган” ёки “нейтрал” ранглардан фойдаланиш талаби қўйилган.
Кўплаб йирик брендлар, тармоқ компаниялари ва франшизаларнинг корпоратив ранглари давлат томонидан расман рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк ҳисобланади. Уларни мажбурий равишда ўзгартириш ёки нейтрал рангга ўтказиш бренднинг танилиш даражасига ва бизнес манфаатларига бевосита зарар етказади.
Қарорда айнан қайси ранг ёки дизайн “шаҳар кўринишига мос” ва қайси бири “тўйинган” экани ҳақида аниқ, ўлчанадиган ҳуқуқий ва техник мезонлар берилмаган.
Дизайн-код талабларига мослашиш ва пешлавҳаларни ўзгартириш учун тадбиркорларга бор-yoғи 3 ой муддат берилган.
Бир нечта филиалга эга тармоқлар учун бу қисқа вақт ичида катта миқдордаги режалаштирилмаган молиявий харажатни (демонтаж, янги пешлавҳа тайёрлаш ва ўрнатиш) англатади. Босқичма-босқич ўтиш механизми эса назарда тутилмаган эди.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатадиган ҳужжат лойиҳалари мажбурий тартибда Бизнес-омбудсман билан келишилиши ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши шарт. Ушбу қарор эса бизнес ҳамжамияти билан етарлича келишилмасдан қабул қилинган.
Бизнес омбудсман эса апрель ойи охирларига келиб, Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашига мазкур қарорнинг тадбиркорлик фаолиятига дахлдор қисмларини қайта кўриб чиқиш, нормаларга ўзгартириш киритиш ва кучга кириш муддатини узайтириш юзасидан расмий хулоса киритилган.
Жорий йилнинг 5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимотда эса тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилди. Рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилган.
Айни вақтда ташқи ахборот воситаларини тизимли тартибга солиш, ташқи ёзувларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда жойлаштириш тартибини назарда тутувчи “Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланган.
Ушбу ҳужжат билан амалиётда турли келишмовчиликни келтириб чиқараётган ва қонунчиликдаги бўшлиқ ҳисобланган айрим жараёнларга ва тушунчаларга аниқлик киритилмоқда. Хусусан, “ташқи ахборот воситаси, “ташқи ёзув”, ахборот кўрсаткичи”, “пешлавҳа”, “эълон”, “маълумотлар тахтаси” каби тушунчаларга аниқ тариф берилмоқда.
Бунда, “ташқи ахборот воситаси” ва “ташқи ёзувлар” ташқи муҳитга қаратилган ҳамда тижорат мақсади кўзланмаган ахборот, яъни реклама тусига эга бўлмаган воситалар ҳисобланиб, ташқи ахборот воситаларини уларга реклама ёки тижорат тусига эга бўлган ахборот ёки тасвирни жойлаштириш орқали ўрнатишга ва фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, пешлавҳалар – савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида фаолияти таснифи (ташкилот номи, ихтисослашуви) тўғрисидаги маълумот ҳисобланиб (мисол учун: дорихона, сартарошхона, АЁҚШ, миллий таомлар, супермаркет, шифохона, озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари дўкони), бундай пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ва реклама жойининг паспортини олиш шарт эмас.
Яъни, муайян тадбиркорлик субъекти эгаллаб турган бинонинг ташқи томонида бинога кириш жойида ўзи ва фаолият тури (ихтисослиги) тўғрисида жойлаштирилган ёки мазкур тадбиркорнинг маҳсулоти ҳақида шу бино витринасидаги ахборот (пешлавҳа) реклама ҳисобланмайди ва бунинг учун тегишли рухсат этиш хусусиятидаги ҳужжатларни олиш ҳамда тўловларни амалга ошириш талаб этилмайди.
Live
Барчаси