Onix нега қиммат ёки “шапка” қонунийлаштириладими?
Жамият
−
17 Февраль 2023
14196Кеча, 15 февраль куни Андижондаги UzAuto Motors заводида Chevrolet Onix автомобилини серияли ишлаб чиқариш бошланди. Шу муносабат билан янги автомобилнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирдан QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Тадбирни автомобиль ҳақидаги ролик бошлаб берди. Шундан сўнг кечанинг қаҳрамони бўлган Chevrolet Onix машиналари саҳнага чиқди.
Тақдимотда 2022 йилда 327 минг дона – рекорд даражадаги автомобиль ишлаб чиқарилгани урғуланди. Бироқ машиналарни ишлаб чиқариш йил сайин ортаётганига қарамай, уларни сотиб олишдаги навбатларга чек қўйилмаяпти. “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Шавкат Умрзоқовга қўшимча пул тўлаб, автомобилни навбатсиз олиш имкони яратиладими, яъни халқ орасидаги “шапка”ни қонунийлаштириш мумкинми дея юзландик.
“Мен бу таклифга қаршиман, нотўғри нарса. Бекорга ишлаб чиқаришда 500 минг билан чегараланмаймиз демадим. Автомашиналар навбати бутун дунёда бор. Мен бу билан уни тўғри ҳам демоқчимасман. Лекин бу нарса [автомобиль етказиб бериш муддатини камайтириш]ни фақат машина кўп ишлаб чиқариш билан енгамиз. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машинани тезроқ олиш учун кўпроқ пул тўланг, десак, нотўғри бўлади. Андижоннинг ўзида бу йил 250−300 млн долларлик тўртта янги завод қурадиган бўлдик. Бу нима беради? Тасаввур қилинг, 2016 йил 80 минг машина чиққан, 2017 йил 120 минг чиққан. Бугун 330 минг чиқаряпмиз. Бу йил 400 мингдан ошиқ чиқарамиз. Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр [қилинг]”, деди “Ўзавтосаноат” раиси.
Ҳадемай, Chevrolet Onix ўз эгаларига тақдим этилади. Бироқ автомобиль “Uzavto Motors” вакили 2021 йилда айтганидек, 9−12 минг доллар эмас, балки 13−16 минг доллар атрофида сотилмоқда.
“Мана битта мисол, бизнинг машиналаримизни ё қиммат, ё сифати паст дейишади. Қозоғистон бозори нақадар ривожланган – у ерда ҳамма бренд ва уларни ишлаб чиқариши бор. Биз борганимизда у ерда 10-ўринда эдик, 2 йилдан буён 1-ўриндамиз. Қозоғистон Onix машинасини ишлаб чиқаришимиз учун 50 миллион доллар пул берди. Айтмоқчиманки, машинамиз ёмон бўлса, биз биринчи ўринга чиқа олмасдик. У ерда Kia, Hyundai брендлари бор. Уларнинг ҳам нархи тушгани йўқку! Худо хоҳласа, бизнинг машиналаримиз ҳам арзон, ҳам сифатли бўлади. У ер бозорларига ҳам биз бекорга кириб бормаяпмиз”, дея таъкидлади Шавкат Умрзоқов.
Шу ўринда меҳмонлардан янги машина ҳақидаги фикри билан қизиқдик.
“Onix’нинг янги маркаси қалбимиздан жой олди. Биз уни ҳайдаб кўрдик, томоша қилдик. Етарлича, тезкор машина. Мен ўйлайманки, у бозорда Kia Rio, Hyundai Accent каби машиналарнинг ўрнини эгаллай олади. У нафақат маҳаллий бозорда, балки хорижий ва қўшни мамлакатларда, масалан, Қирғизистонда ҳам оммабоп бўлишига ишонаман”, дейди “Узавтосаноат”нинг Қирғизистондаги вакили Фархад Досматов.
Шунингдек, Chevrolet Onix Premium ҳам тақдим этилди. Унда климат контроль, люк, орқа ўриндиқ иситиш тизими каби қулайликлар бўлади.
Автомобилда мобил телефонларни махсус жойга қўйиш орқали симсиз қувватлантириш имконияти мавжуд. Бунда жараён магнит орқали амалга оширилади.
Ҳайдовчиларни машина двигателининг қуввати ва 100 км масофага неча литр бензин сарфлаши қизиқтириши табиий. Автомобиль комплектациясига қараб 2 турдаги двигател билан тақдим этилади:
- 1,2 литрли 90 от кучига эга атмосферали двигатель 5 поғонали механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган;
- 1,2 литрли 132 от кучига эга турбо двигатель 6 поғонали автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган.
Автомобиль 10,9 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, шу билан бирга аралаш циклда 100 км учун фақат 6,5 л ва шаҳар ташқарисидаги йўлда 5 литргача ёнилғи сарфлайди.
Тадбирда General Motors International глобал харидлар ва таъминот тизими вице-президенти Жонний Салдана сўзга чиқиб, 27 йиллик иш фаолиятининг деярли ярмини UzAutomotors заводида ўтказганини бу ер у учун жуда қадрли эканини таъкидлади.
Албатта, заводда меҳнат қилаётган 30 минг ходимдан Onix машинаси ишлаб чиқарилишида асосий ҳиссасини қўшган ишчилар ҳам унутилмади – улар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь