Шахматга салбий, футболга фойдали ҳафта – Спорт дайжести

Таҳлил

Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманида барпо этилаётган футбол бўйича миллий терма жамоалар маркази билан танишди. Европада ўзбекистонлик футболчилар сони кўпаймоқда. Абдусатторов учун Жаҳон чемпионати омадсиз тарзда якунланди. Нурсултон Рўзибоев сентябрь ойидаёқ жанг ўтказмоқчи, Эргашев-Матиас жанги учун эса проумоутерлик аукциони ўтказиладиган бўлди. Коста-Рикада футболчи тимсоҳга ем бўлди. Ассалому алайкум! Ортда қолаётган ҳафтанинг энг муҳим ва тренддаги хабарлари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Мирзиёев ёш футболчилар билан учрашди

2 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида барпо этилаётган Футбол бўйича миллий терма жамоалар марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу марказ Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Ҳозирда 8 минг ўринли стадион қурилган. Яна 7 та машғулот майдони, пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн, реабилитация мажмуаси ва ётоқхоналар қурилиши режалаштирилган.

Соҳа мутасаддилари билан суҳбатда ўзбек футболига хориждан малакали техник директор олиб келиш, футбол тузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган ва Тошкентда минтақавий базалар ташкил қилиш, мураббийлар мактабини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Президент ёшлар орасида футболни янада оммалаштириш, уларга шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратду.

“Ўзбекистонда футбол энг севимли спорт тури. Ҳар ўнта одамдан тўққизтаси унинг мухлиси деса бўлади. Бу оммавийликдан фойдаланиб, футболни тубдан ривожлантириш керак. Масалан, юртимизда 10 мингта мактаб бор, 208 та туман-шаҳар бор. Хўш, мактаб, маҳалла, жамоаларда футбол қандай бўлади? Иккинчидан, футболга меҳр қўйган болалар ўз йўлини топиши учун нима қилишимиз керак? Учинчидан, ёшлар футболдан кетгандан кейин нима билан шуғулланади, уларга қўшимча касб-ҳунар беришни ҳам ўйлаш зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ёш футболчилар билан ҳам суҳбатлашди.

“Халқимизнинг спортга меҳри кучли. Айниқса, футбол “оилавий дўстимиз”. Миллий терма жамоамиз ўйинларини ҳаммамиз ғурур, фахр, ҳаяжон билан кузатамиз. Сизлар оилада ота-онангизнинг фарзанди бўлганингиз билан майдонда халқимизнинг фарзандисизлар. Ана шуни доим ёдда тутинг. Футболчилар дунё кезади, чет эл жамоаларида ўйнайди. Улар Ўзбекистон тарихини, шароитларини яхши билиши керак. Улар бизнинг элчиларимиз, болаларга намуна” деди Президент.

Шунингдек, учрашувда футбол тиббиёти ва реабилитациясини жаҳон ютуқлари асосида ривожлантириш масалалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

Расман: Аббосбек Файзуллаев Россия клубига кўчиб ўтди

Тошкентнинг “Пахтакор” клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаев фаолиятини Россиянинг ЦСКА жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда Москва клуби матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, бугун, 4 август куни ЦСКА ўзбекистонлик ярим ҳимоячи билан 2025/2026 йилги мавсум охирига қадар шартнома имзолаган. Шунингдек, москваликларда битимни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқи мавжуд.

Маълумот учун, Файзуллаев жорий йилнинг март ойида ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги U-20 турнири доирасида Ўзбекистон жамоаси билан қитъа чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, у Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида тўрт ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган. 

Аббосбек Файзуллаев 2022/2023 йилги мавсумда Суперлигада “Пахтакор“ номидан 6 ўйинда майдонга тушиб, ўз номига 2 та голни расмийлаштирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг вице-чемпиони ҳисобланган “Ланс” жамоасига кўчиб ўтган эди.  У жамоа билан 2027 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган 4 йиллик шартнома имзолаган.

Жаҳон чемпионати Абдусатторов учун омадсиз якунланди

 Айни кунларда Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда. Афсуски, мусобақа бир қатор етакчи шахматчиларимиз учун муваффақиятсиз якунлнади. 4 август куни мусобақанинг 2-босқич тай-брек баҳслари ўтказилди. Унда икки нафар ўзбекистонлик шахматчи – Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоевлар иштирок этди. 

Жавоҳир Синдоров австриялик Маркус Раггерни 1:0-2:1 кўринишидаги натижалар билан мағлубиятга учратган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев Венгрия вакилига 1:1-1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Энди Синдоров 3-босқичда франциялик Максим Ваше-Лагравга қарши дона суради. Ёқуббоев эса турнирдаги иштирокини шу ерда якунлади.

3 август куни эса Нодирбек Абдусатторов Жаҳон кубогининг 1/64 финали баҳслари доирасида рейтингда ўзидан 60 поғона пастда бўлган туркиялик рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Партия ўртасида позицион устунликка эга бўлган Нодирбек ноаниқ юришлар қилишни бошлаб, 35-юришда ўта қўпол хатога йўл қўйди ва бу хатоси рақибга тўлиқ устунлик берди. Ваҳоб Санал бу устунликни сақлаб қолган ҳолда 44-юришдан сўнг Нодирбекни таслим қилди. Шундай қилиб Абдусатторов ҳам мундиалдаги иштирокини тўхтатди.

Маълумот учун, мукофот жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган мазкур нуфузли мусобақа 24 августга қадар давом этади. Жаҳон кубогида 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 111 минг, 2-ўрин соҳиби 80 минг, 3-ўриндан жой олганлар 50 минг доллар билан тақдирланади. Шунингдек, мусобақада учта совринли ўринни эгаллаганлар 2024 йили шахмат тожи учун курашадиганлар қаторига киритилади.

Рўзибоевга жанг керак

Ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев америкалик спортчи Стивен Томпсон билан жанг қилмоқчи. 

Гап шундаки, Стивен Томпсоннинг UFC 291 турнирида бразилиялик Мишел Перрейрага қарши жанги бекор бўлганидан кейин, Рўзибоев унга қарши октагонга чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

“UFC менга бу жангни кейинги ҳафта ёки истаган вақтингизда ташкил қилиб беринг. Мен ҳар доим тайёрман!  Дана Уайт менга локация юборинг”, дейди Рўзибоев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UFC Рўзибоевнинг навбатдаги жанги бразилиялик Кайо Борральога қарши ўтказилишини тасдиқлаганди. Рўзибоев - Борральо жанги 4 ноябрь куни Сан-Паулуда ўтказилади.

Афтидан ўзбекистонлик спортчига зудлик билан жанг ташкил қилиб бериш керак. Бир вақтлар турли хил MMA турнирларида бир ойнинг ўзида 4-5 та жанг ўтказган Рўзибоев жуда зерикиб қолди чоғи, ваҳоланки унинг UFC’даги дастлабки жангига ҳали кўп бўлгани йўқ.

Яқиндагина Рўзибоев твиттерда “Мен сентябрда жанг қилмоқчиман, кимлигининг фарқи йўқ, фақат менга жанг  беринг, мен очман”, деб ёзиб чиқди.

Рўзибоевнинг фикрларига эса унинг бўлажак рақиби Кайо Баралльо муносабат билдирди.

“Instagram’га видео қўймаслигим керак эди, мен бу йигитни қўрқитиб юборибман”, дейди бразилиялик UFC жангчиси. 

Баррало юқоридаги гаплари орқали Рўзибоевни жангдан қочиш ва қўрқоқликда айблади. Унга кўра, ўзбекистонлик спортчи жанг қилишдан қўрққани учун бошқа рақиб изламоқда. 

Ижтимоий тармоқларда анчагина фаол бўлиб қолган Рўзибоев ҳам Барралога жавобни узоқ куттиррмади.

“Худодан бошқа, ҳатто катталари ҳам мени қўрқита олмайди”, деб жавоб қайтарди Рўзибоев.

Ўзбекистонлик собиқ UFC жангчиси MMA'даги фаолиятини якунлади

Ўзбекистонлик собиқ UFC жангчиси Саидёқуб Қаҳрамонов ММА'даги фаолиятини якунлади. Бу ҳақда спортчининг ўзи Тwitter саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, самарқандлик аралаш яккакурашлар устаси эндиликда спортдаги фаолиятини буткул тугатган ва умуман бошқа соҳада ишламоқда.

“Ёнимда атиги бир нечта одам қолди, бу ҳам бўлса менинг оилам. Мен бу нарсаларни йиғиштирдим, энди оилавий ҳаётимни изга солмоқчиман. ММА'даги карьерам давомида кўп нарсани ўтказиб юборибман, эндиликда мени яхши бизнесмен сифатида кўришингиз мумкин”, дейди Қаҳрамонов.

Маълумот учун, Саидёқуб Қаҳрамонов профессионал фаолияти давомида 13 та жангда иштирок этиб, уларнинг 10 тасида ғалаба қозонган ва 3 марта рақибларига имкониятни бой бериб қўйган. Шунингдек, у дунёнинг энг номдор ММА промоушени ҳисобланган UFC ташкилотида ҳам 3 та жанг ўтказган бўлиб, 2 та баҳсда зафар қучган ҳамда 1 та мағлубият қайд этган. 

Эргашев-Матиас жанги учун аукцион ўтказилади

Аввалроқ ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашевнинг IBF чемпионлик камари учун жанги расман белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, супер енгил вазн тоифасида IBF камари соҳиби пуэрто-риколик Сабриель Матиас мажбурий ҳимоя жангини 2023 йил 25 августда ёки ундан олдин, айнан Ўзбекистон вакилига қарши ўтказиши айтилган. Боксчилар ва уларнинг вакиллари келишувга эриша олмагани сабабли мазкур жангни ташкил этиш учун промоутерлик савдоси ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда IBF матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, эндиликда жорий йилнинг 15 август куни промоутерлик савдоси ташкил этилади. Унда ғолиб бўлган компания мазкур жангни ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлади.  Ушбу жангдан тушадиган маблағнинг 70 фоизи чемпион Сабриель Матиасга, 30 фоизи эса даъвогар Шоҳжаҳон Эргашевга тегадиган бўлди.

Маълумот учун, Матиас профбоксда 20 та жанг ўтказиб, 19 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган. Даъвогар Шоҳжаҳон Эргашев эса фаолияти давомида 23 та жангда иштирок этиб, барчасида рақибларидан устун келган. У жангларининг 20 тасида нокаут, 3 тасида ҳакамлар қарори билан ғалабага эришган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шоҳжаҳон Эргашевнинг Матиасга қарши жанги шу йилнинг 28 октябрь санасида ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Мазкур жанг Ўзбекистон мезбонлигида ўтиши тахмин қилинаётганди. Бу ҳақда спортчи Instagram'даги жонли эфирида айтиб ўтган. 

Марсело рақибига “даҳшатли” жароҳат етказди

Собиқ “Реал Мадрид” футболчиси Марсело ўйин вақтида “Аргентинос Хуниорс” ҳимоячиси Лусиано Санчесга жиддий жароҳат етказди. Бу ҳақда ESPN хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 1 август куни Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида Либертадорес Кубоги доирасида ташкил этилган “Флуминенсе” ва “Аргентинос Жуниорс” учрашуви бўлиб ўтди. Баҳснинг 56-дақиқасида Бразилия клуби шарафини ҳимоя қилаётган Марсело аргентиналик рақиби Луcиано Санчеснинг тиззасига даҳшатли жароҳат етказди. Бразилиялик футболчи тўп учун курашда беихтиёр Санчеснинг оёғини босиб юборди ва унинг оёғи тиззасидан тескарисига қайтиб, синиб кетди.

Шундан сўнг, Марсело қаршиликсиз қизил карточкани қабул қилиб олди ва майдонни тарк этди. Мазкур баҳс 1:1 кўринишида дуранг билан якунланди. Ўйиндан кейин “Флуминенсе” чап қанот ҳимоячиси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бундан афсусда эканини айтиб пост қолдирди.

“Бугун майдонда жуда қийин ҳолатни бошдан кечирдим, мен беихтиёр ҳамкасбимни жароҳатладим. Луcиано Санчес сенга тезроқ соғайиб кетишингни ва тўлиқ тикланиб майдонга қайтишингни тилайман. Мен қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёрман”, дейди Марсело.

Шунингдек, “Аргентинос Хуниорс” клуби раҳбарияти Марселонинг гапларига илиқлик билан жавоб қайтарди. 

“Биз рақибмиз, лекин душман эмасмиз. Марсело ва барча “Флуминенсе” жамоасидагиларга ғамхўрлик учун раҳмат”, деб ёзиб қолдирган Аргентина клуби расмийлари. 

Эндиликда Санчес зудлик билан тиззасини операция қилдириши керак бўлади ва унинг тикланиш даври 8 ойдан 12 ойгача давом этиши мумкин.

Маълумот учун, жамоалар келаси сешанба куни яна “Маракана” стадионида чорак финалга чиқиш учун ўзаро баҳс олиб боради.

Коста-Рикада футболчи тимсоҳга ем бўлди

Коста-Рика дарёсида чўмилаётган футболчи тимсоҳга ем бўлди. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 июль куни “Депортиво Рио Каньяс” жамоасининг 29 ёшли футболчиси Хесус Алберто Лопес салқинланиш мақсадида Гуанакасте вилоятидан оқиб ўтувчи Каньяс дарёсига тушган, шундан сўнг у баҳайбат тимсоҳ ҳужумига учраган. Футболчининг ҳамроҳлари ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаган. Оқибатда Хесус Алберто воқеа жойида вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, маҳаллий полиция йиртқични отиб ўлдирган ва спортчининг бурдалаб ташланган жасадини сувдан чиқариб олган.

"Тимсоҳга ем бўлган Хесуснинг 8 ва 3 ёшли икки нафар фарзанди бор эди", дейилади хабарда.

Унинг оиласи жамоатчиликка дафн маросимини ўтказиш харажатларини қоплашга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Хесус фаолият юритган жамоа менежери Луис Карлос Монтес шу мақсадда махсус хайрия ташкил қилган. Шунингдек “Депортиво Рио Каньяс” клуби ҳам бахтсиз ҳодиса оқибатида боқувчисиз қолган оилага товон пули тўлаб берган.

Азизлар бу QALAMPIR.UZ’да спорт янгиликлари эди. Келаётган ҳафта ҳам ўзбек ва жаҳон спортида қатор воқеаликларга бой бўлиши аниқ. Спортга оид энг сўнги янгиликлар, интервьюлар ва дастуларни QALAMPIR.UZ’да кзуатиб боринг. Саломат бўлинг!


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг