Шахмат олимпиадаси: Ўзбекистон енгилмай келаётган Арманистон шахматчиларини таслим қилди
Спорт
−
26 Сентябрь 1379 2 дақиқа
Бугун, 26 сентябрь куни Самарқанд мезбонлик қилаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 10-тур баҳслари ўтказилди. Унда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Арманистонга қарши дона сурди.
Унда Ўзбекистоннинг асосий эркаклар жамоаси 9 тур давомида бирор жамоага ютқазмай келаётган Арманистон шахмат усталарини 3,5 : 0,5 ҳисобида йирик ҳисобда мағлубиятга учратди. Йигитлар бутун ўйин давомида устунликни сақлаб қолди ва керакли очколарни йиғди.
Жамоада Жавоҳир Синдоров, Муҳиддин Мадаминов ва Нодирбек Абдусатторов рақиблари устидан ишончли ғалабага эришди. Нодирбек Ёқуббоев эса Шант Саргсян билан дуранг ўйнади.
Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси ҳам ушбу турда Перу вакилаларига қарши ишончли ўйин кўрсатиб, 3,5 : 0,5 ҳисобида мағлуб этди. Унда Нилуфархон Имомқўзиева, Умида Омонова ва Гулдона Каримова рақибларидан ишончли тарзда устун келган бўлса, Афруза Ҳамдамова перулик шахмат устаси билан дуранг натижа қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон-2 терма жамоаси турнир пешқадамларидан бўлмиш Ҳиндистон терма жамоасига қарши баҳс олиб борди ва 0,5 : 3,5 ҳисобида мағлубиятга учради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон-3 терма жамоаси Исроил жамоасига қарши тўқнаш келди ва 1,5 : 2,5 ҳисобида енгилди. Ўзбекистон-3 жамоасининг аёллар термаси эса кениялик шахматчи қизлар билан 2 : 2 ҳисобида дурангга рози бўлди.
Самарқандда давом этаётган FIDE Шахмат олимпиадасида 10-тур якунига кўра, Open йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси 18 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Аёллар ўртасида эса Хитой терма жамоаси 18 очко билан 1-ўринда. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 15 очко билан 7-ўринда бормоқда.
Маълумот учун, олимпиада якунланишига атиги 1 тур қолди. Эркаклар ўртасида Ўзбекистоннинг асосий жамоаси олтин медаллар учун энг катта даъвогар бўлиб турибди. Медаллар масаласи айнан 11-тур баҳсларида аниқ бўлади.
Live
Барчаси