Шахмат федерацияси ОАВда тарқалган хабарларга изоҳ берди

Спорт

image

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Нодирбек Абдусатторов бир нечта мусобақага ҳомийлик маблағлари ҳисобидан иштиро этгани ва  шахмат федерацияси томонидан у учун маблағ ажратилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Федерация раисининг 1-ўринбосари Ҳусан Турдиалиев 2021 йил якунлари ва 2022 йил режаларига бағишланган матбуот анжуманида ушбу масалага ойдинлик киритди.  

“ОАВда шу ҳақдаги фикрларни ўқидик. Ёш шахматчилар ўз-ўзидан гроссмейстер бўлиб қолмайди. Аксарият мусобақаларга Абдусатторовни федерация ҳисобидан олиб борганмиз. 8 ёшлилар ўртасида ЖЧ ғолиби бўлганида Европага, 2014 йилда – Эбола эпидемияси шароитида 4 нафар шахматчини Жанубий Африка республикасидаги мусобақадаги иштирокини таъминлаганмиз. Бундан ташқари 4-5 йил давомида БААнинг Шаржа шаҳрида “Sharjah Masters” ва “Ramadan open” турнирлари ўтказилади ва барчасида ҳаражатлар федерация ҳисобидан қопланган. Нафақат Абдусатторов балки Нодирбек Ёқуббоев, Ҳумоюн Бекмуродов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов каби шахматчилар ҳам йиллик мусобақаларга олиб борилади”, дейди FIDE’нинг Марказий Осиё бўйича вице-президенти. 

Шунингдек, Ҳусан Турдиалиев томонидан дунё бўйича мингдан ортиқ тижорий турнирлар борлиги, федерация уларнинг барчасида шахматчилар иштирокини таъминлаш имкониятига эга эмаслиги таъкидланди: 

“Бундан 3 йил аввал АҚШнинг Сент-Льюис шаҳрида минг йиллик турнири ўтказилган, виза билан боғлиқ муаммоларга қарамасдан Абдусатторов мусобақада иштирок этганига ўзим гувоҳ бўлганман. Ўшанда Нодирбек жаҳон терма жамоаси таркибида АҚШ жамоасини мағлуб этиб, чемпионлик кубогига эга чиққан. Бундан ташқари халқаро гроссмейстерлар, шу жумладан Рустам Қосимжонов иштирокида йиллик ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилади. Буларнинг барчасида Нодирбек ҳам қатнашган. Марказий шахмат клуби йил давомида 5 нафар иқтидорли шахматчиларга 200 минг сўмдан стипендия тўлайди ва бир марта халқаро мусобақалар учун ҳаражатларни молиялаштиради. Дунё бўйича мингдан ортиқ тижорий турнирлар бор. Агар шахматчи мусобақада ўз ҳисобидан иштирок этса, мукофот пулларини ўзи олади. Федерация имкон доирасида уларга ёрдам беради. Масалан 2019 йилда Нодирбек онаси билан биргаликда “Aeroflot open” турнирига борган. Биз ҳар иккисининг ҳаражатларини қопладик. Уни биз тўлаб бердик. 2017 йилда эса тижорий турнирлардан бирида гроссмейстерлик нормасини бажарган. Ўша пайтда имкониятимиз бўлмаган. Биз ҳеч қайси спортчини сазойи қилмаймиз”.

Эслатиб ўтамиз, Нодирбек Абдусатторовнинг отаси Фазлиддин Очилов QALAMPIR.UZ билан мулоқотда 2019 йилдаги воқеани эсга олган ва ўғлининг “Aeroflot 90” турнирига ҳомийлик ёрдами билан борганини федерациянинг моддий томонлама имконияти чекланганини сабаб қилиб кўрсатган эди:

“Ҳар бир федерациянинг ўз бюджети бўлади. Шахматни бокс, самбо, кураш ва футбол билан солиштирсангиз, ундаги маблағ мингдан бирига тўғри келади. Шунинг учун бироз имконияти чекланган. Агар ҳисобидаги пуллари кўпроқ бўлганида спортчиларга бу учун йўл қўймаган бўлар эди”.

Абдусатторовнинг ўзи ҳам федерация фаолияти ҳақида гапириб, бугунги шароит аввалгисидан ўзгарганини таъкидлаган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Нодирбек Абдусатторов Шахмат Шахмат федерацияси

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг