Сенаторлар боғчалар тўғрисидаги Қонунни маъқуллади

Жамият

image

Бугун, 14 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан кўриб чиқилди.

Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига йўналтирилган ушбу Қонунда мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари белгиланмоқда. Мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини қуйидагилар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда:

•    Вазирлар Маҳкамаси;
•    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;
•    Мактабгача таълим вазирлиги;
•    Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
•    ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Бундан ташқари, фуқаролар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги тадбирларда иштирок этиши назарда тутилмоқда. Қонунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, жисмоний шахслар томонидан бу соҳада таълим хизматлари кўрсатиш ҳақидаги нормалар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти, мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури, таълим бериш тили, мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими, мактабгача бўлган ёш ва унинг даврлар, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш ва улардан чиқариш белгиланмоқда.

“Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ёш авлодни боғча ёшидан тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул бўлган алоҳида вазирлик ташкил этилди”, дейди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев.

Унинг сўзларига кўра, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш ва болаларнинг сифатли мактабгача таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда 9 770 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион нафардан зиёд болаларга таълим-тарбия бериб келинмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг сони ҳам ортиб, хусусий мактабгача таълим муассасалар сони 753 тага, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари сони 419 тага ҳамда оилавий мактабгача таълим муассасаларининг сони 2 770 тага етди.

Таъкидланишича, Қонун қабул қилиниши таълим тизимини тубдан яхшилаш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан интеграциялаш, шунингдек таълим сифатини яхшилаш учун имкониятлар яратишга доир чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат 25-Ялпи мажлис

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг