Сенатор Пас Боливия президент сайловида ғалаба қозонди

Олам

image

Боливияда кеча, 19 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида сенатор Родриго Пас Перейра ғалаба қилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси эълон қилди. 

Родриго Пас Перейранинг ғалабаси мамлакатда деярли йигирма йил давом этган чап қанот ҳукмронлигининг якунланишини англатади. Марказий сайлов комиссияси ҳисоб-китобларига кўра, марказчилик йўналишдаги христиан-демократик партия номзоди тақрибан 55 фоиз овоз тўплаб, “инкор қилиб бўлмайдиган устунликка” эга бўлган.

Кўп йиллар давомида Боливиянинг сиёсий ҳаёти собиқ президент Эво Моралес ва лавозимни тарк этаётган давлат раҳбари Луис Арсе ўртасидаги рақобат билан белгиланиб келган. Иккаласи ҳам чап қанотдаги “Movimiento al Socialismo” (MAS) партиясини намоён қилар эди.

58 ёшли ғолиб халқ орасида шунчаки Пас номи билан танилган.

“Бугун Боливия, ишонч билан айта олади, бу ечимлар олиб келадиган ҳукумат бўлади. Боливия қадамма-қадам халқаро майдондаги ролини тиклайди”, деди у Ла-Пасдаги митингда.

Унинг рақиби, ўнг консерватив “Libertad y Democracia” партияси вакили собиқ президент Хорхе Кирога Пасни табриклади, бироқ расмий натижаларни кутаётганини таъкидлади.

Эво Моралес, Лотин Америкасидаги энг таниқли чап етакчилардан бири, конституция чекловлари сабаб яна президентликка номзодини қўя олмаган, Луис Арсе эса рейтинглар пасайиши ортидан ўз номзодлигини қайтариб олган эди.

Пас ноябрь ойида беш йиллик муддатга лавозимга киради. У 1989–1993 йилларда мамлакатни бошқарган собиқ президент Хайме Пас Самораннинг Испанияда туғилган ўғлидир. У Боливияни чуқур иқтисодий инқироз ҳолатида қабул қилади.

Боливияда ёқилғи, валюта ва дори-дармон етишмаслиги, юқори инфляция ва ижтимоий норозиликлар авжда. Германиядан уч баробар катта ҳудудга эга бўлса-да, мамлакатда атиги 12 миллион аҳоли яшайди ва Жанубий Американинг энг камбағал давлатларидан бири ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ ва маҳаллий (ҳиндулар яшайдиган) ҳудудларда аҳвол оғир.

Боливия дунёдаги энг катта литий захираларига эга – бу аккумулятор ва электромобиллар учун асосий хомашё. Илгариги чап ҳукуматлар даврида инвестициялар секин ўсган бўлса, энди немис компаниялари янги имкониятлардан умидвор.

“Ҳамма старт чизиғида турибди”, деди Конрад Аденауэр жамғармасининг эксперти Кристина Штольте.

Пас мўътадил сиёсат, институционал ислоҳотлар, иқтисодиётни босқичма-босқич очиш ва субсидияларни аниқроқ тақсимлашни ваъда қилган. Ташқи сиёсатда эса у барча шериклар билан прагматик муносабатларни йўлга қўйиш ниятида, жумладан, чап ҳукуматлар даврида совуқлашган АҚШ билан мулоқотни эҳтиёткорлик билан тиклашни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Боливия Родриго Пас Перейра

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг