Сенатор Бурхонов Назарбекдаги туннель қурилишини танқид қилди

Жамият

image

“Тошкент шаҳар Туркистон ширкат хўжалиги– Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3-километридаги темир йўл остидан туннель қурилиши кечикаётгани танқид қилинди. Бу ҳақда бугун, 2 март куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида сенатор Қутбиддин Бурхонов гапирар экан, ушбу ҳолат аҳолига ноқулайлик туғдираётганини айтиб ўтди.

“Шуни афсус билан қайд этиш лозимки, айрим давлат тузилмалари масъулларининг сусткашлиги, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларга беписанд қараётгани ислоҳотлар самарадорлигига соя солмоқда, одамларнинг давлатга бўлган ишончини сусайтирмоқда”, дейди Бурхонов.

Бунга мисол сифатида Бурхонов Зангиота туманидаги жамоатчилик вакилларининг мурожаатларини келтирган.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги 4936-сонли Қарорига мувофиқ “Тошкент шаҳар Туркистон ширкат хўжалиги-Қозоғистон Республикаси чегараси” (Назарбекдаги) автомобиль йўлининг 3 километрдаги темир йўл остидан туннель қурилиши белгиланган.

Автомобиль йўллари қўмитаси буюртмачи бўлган ва қиймати 60 миллиард сўмни ташкил этадиган мазкур лойиҳа 2022 йил охиригача ишга тушиши лозим эди. Бироқ 2021 ва 2022 йиллар учун ушбу лойиҳага бор-йўғи 19 миллиард сўм маблағ ажратилган, холос.

Оқибатда чала қолиб кетаётган ушбу қурилиш фуқароларга енгиллик бериш ўрнига фақат ташвиш ва қийинчилик келтирмоқда. Яъни, Зангиотадаги 14 та маҳалланинг қарийб 50 минг нафар фуқароси илгари қатнаб юрган 3 километрлик йўл қурилиш учун ёпилган ва улар энди салкам 10 километр йўлни айланиб ўтиб, хизматга, ўқишга, шифохонага ва бошқа ташвишлар билан пойтахтга қатнамоқда.

“Автомобиллар тирбандлигини гапирмаса ҳам бўлади. Баъзида ҳайдовчилар соатлаб туриб қолаётгани ҳақида мурожаат қилмоқда. Кўзда тутилган маблағнинг аксарияти ажратилмагани ва буюртмачининг бу муаммога эътиборсиз қараётганини инобатга олсак, одамларнинг сарсонлиги ҳали узоқ давом этадиганга ўхшайди”, дейди Қутбиддин Бурхонов.

Шунингдек, сенатор мажлис залига юзланиб,

“Энди савол туғилади. Агар бу лойиҳани амалга ошириш қўлидан келмаслигини билган бўлса, яъни, зарур маблағ ва бошқа ресурсларни топа олмаса, қўмитага мазкур ишни бошлаш, бунинг ортидан одамларни ғазабини келтириб, давлатга нисбатан уларнинг ишончини сусайтириш нима учун керак бўлди? Тайёр йўлни тўсиб қўйиб, одамларга йўқ жойдан ноқулайлик туғдириш, шу билан халқнинг ғашига тегишдан ким манфаатдор?! Давлатнинг йўқотилаётган маблағи, бошқа ресурслари, энг асосийси, одамлар кўраётган моддий ва маънавий зарарлар учун ким жавоб беради?”, дея кўплаб саволларни мажлис залига кўндаланг ташлаган сенатор.

Бундан ташқари, Бурхонов бу масала Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг шахсан назоратида бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

“Шу боис, қайд этилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан қилинган аниқ ишлар ва уларнинг натижалари бўйича кейинги ялпи мажлисимизда Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг ахборотини эшитсак. Чунки такрор айтаман, бундай муаммолар аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилиши, норозиликни юзага келтириши билан ҳам долзарбдир. Битта объектда бошланган ишлар қайсидир раҳбарнинг масъулиятсизлиги сабабли белгиланган муддатларда тугатилмаса янги қабул қилиниётган Дастурга қўшимча равишда киритилиб, бажариш муддати узайтирилиши мантиқан тўғрими? деган савол туғилади”, дейди сенатор.

Қутбиддин Бурхонов ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолини қабул қилинган Дастурларнинг қайси бирига ишонтириш керак деган асосли эътирозларига нима деб жавоб бериш кераклигини айтган.

“Бизнингча, барча имкониятлар бўлгани ҳолда, асосийси, аҳоли жиддий норозилик билдираётган бир шароитда муддатнинг узайтирилгани масъуллар учун баҳона бўлмаслиги керак. Қолаверса, Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги Қарори ўз кучида турибди. Бундан ташқари, технологиялар ривожланган, яъни, қурилишда ҳам тезкорлик шиддат билан ўсаётган ҳозирги пайтда туннелдаги ишларни якунлашни чўзиб ўтиришга ҳожат йўқ, деган фикрдамиз”, деган Бурхонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг