Ҳукумат Давлат дастури ижроси бўйича Сенатга ҳисобот беради
Жамият
−
26 Апрель 2019
4842Бугун, 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 3 май куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мамлакатнинг бугунги ривожланиш йўлида қўйилган мақсадларга эришишга, фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш ва демократик ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари киритилган.
“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам кўриб чиқади.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг, прокуратура органларининг, Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилади.
Ялпи мажлисда Тошкент вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам тингланади.
Сенаторлар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари, сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ҳукумат аъзоларига парламент сўровлари юбориш, шунингдек илгари юборилган парламент сўровлари натижаларини муҳокама қилишади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.