Сенатнинг 9-ялпи мажлиси қачон ўтказилиши айтилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 20 ноябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақдаги қарор кеча, 11 ноябрь куни Сенат Кенгашининг мажлисида қабул қилинган. 

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда қуйидаги масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган: 

•    “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”; 

•    “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”;

•    “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”;

•    “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”;

•    “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси қонунлари.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи, қолаверса, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари  томонидан ижро этилиши ҳақидаги масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, мамлакат махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятининг амалдаги  ҳолати ва уларнинг  ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан, чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари ҳам муҳокама қилиниши назарда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ялпи мажлис Сенат

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг