Сенат “Транспорт тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Жамият
−
29 Май 2021
4757Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида “Транспорт тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, транспорт тизимининг автомобиль, темир йўл, авиация, сув транспорти тармоқлари бир-биридан алоҳида, ўз йўналишида ривожланиб, улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида қонун мавжуд эмас эди.
Кўриб чиқилаётган қонун эса соҳадаги бу каби камчиликларни бартараф этишда тармоқдаги қонун ҳужжатлари билан тенг юридик кучга эга бўлган, бир вақтнинг ўзида ишлайдиган, бир-бирини тўлдирадиган нормаларни белгилайди.
“Ташиш шартномаси ва мажбуриятлари бўйича юзага келадиган жавобгарликни таъминлаш каби иқтисодий масалаларнинг ҳал этилиши орқали тижорат транспорти фаолиятини ривожлантириш ҳам Қонуннинг асосий мақсадларидан биридир.
Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, транспорт фаолияти субъектларининг тенглиги, давлат ва транспорт фаолияти субъектлари манфаатларининг уйғунлиги ва жавобгарлиги каби тамойиллар ҳам Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қонун тижорат асосида амалга ошириладиган ҳар қандай транспорт фаолиятини юритишда вужудга келадиган муносабатларга нисбатан тадбиқ этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси