Бир ойлик улуғ меҳмонни бутун борлиғимиз билан кутиб олайлик – Раҳимберди домла Раҳмонов
Интервью
−
23 Апрель 2020
7013Рамазони шариф мўмин-мусулмонлар учун энг муқаддас ой ҳисобланади. Бу ойнинг фазилати ҳақида Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисларида кўп айтилган. QALAMPIR.UZ таҳририяти ҳам мазкур ойда сиз азизларга Рамазон ойи қандай ой экани, унинг фазилатлари, ушбу ойда қандай эзгу амаллар қилиш лозимлиги ҳақида маълумотлар бериб боришни мақсад қилди. Ушбу хусусда Тошкент шаҳрининг “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбатлашдик.
“Бундай қийин, синовли кунларда Аллоҳ таоло азаматли савоб, сабр-у сарвон берсин. Аллоҳ таоло юртимизга нур-у раҳмати, барокотини ёғдирсин. Халқимизнинг бошидан қийин кунлар ўтмоқда, лекин айни пайтда халқимизнинг қалби қувончга тўлмоқда. Улуғ бир меҳмони, орзиқиб кутгани – Рамазони шариф ойи яқин келмоқда. Мўмин одам Рамазон ойи келиши билан қалби фараҳга тўлади. Улуғ бир орзулар ила бу меҳмонни қарши олади. Шукрлар бўлсинки, Аллоҳ таоло ризқ, умр, насиба берди, Рамазони шариф ойига етказди”, дейди Раҳимберди домла.
“Илгари улуғларимиз Рамазондан олти ой муқаддам “Аллоҳумма баллиғна Рамазон, Аллоҳумма баллиғна Рамазон” – “Парвардигор бизларни Рамазонга етказгин, Рамазонга етказгин”, деб дуо қилишар экан. Сабаби – улар бу муқаддас ойда қандай иззат ва шараф борлигини билишган. Рамазони шариф ойида мўмин қай мақомга эришишини англашган.
Рамазонда биз даража топамиз. Рамазонда гуноҳларимиздан фориғ бўламиз. Рамазонда Аллоҳга яқинлашамиз. Қуръонга мухлис бўламиз. Ибодатга бел боғлаймиз. Шу боис бу бир ойлик улуғ меҳмонни қалбимизнинг бутун борлиғи, шод-у хуррамлиги билан қарши оламиз.
Бу йилги Рамазони шарифни ҳар йилгидан фарқли ўлароқ саҳарликда ҳам, ифторликда ҳам, ҳаттоки таровеҳ, хатми Қуръонларда ҳам хонадонимизда, фарзандларимиз ва оила аъзоларимиз билан бирга ўтказамиз. Парвардигор бу йилги Рамазони шариф ойини умр дафтаримизнинг зарварақлари қилиб битилишлигини ўзи насиб айласин. Муҳтарам азизларимиздан саҳарликларда, ифторликларда кўпроқ дуо қилишларини сўраймиз. Аллоҳ таоло элимиздан, халқимиздан бу машаққатли даврларни Ўзи кўтарсин. Тезлик билан, тез фурсатда бу қийин кунлардан юзимиз ёруғ бўлиб чиқишлигини Ўзи насиб айласин.
Азизлар, Рамазон шунчалар улуғ ойки, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: “Рўза мен учун. Мукофотини Ўзим бераман”. Қарангки, бу ибодат Аллоҳ учун. Мана бу ибодатни биз улкан ибодат эканлигини, бизни тарбия қиладиган бир ой – мактаб эканлигини барчамиз англаб етишимиз зарур. Қалбида заррача иймони, Аллоҳдан умиди бор банда борки, Рамазоннинг ҳурмати ва иззатини ўрнига қўяди, алал-оқибат ўзи ўрин топади. Аллоҳнинг ҳузурида мақом топади.
Рамазони шариф Қуръон ойи ҳисобланади. Бу йил қориларимиз Қуръон хатми Қуроъонларни хонадонларида турган ҳолларида халқимизга тақдим этади. Аллоҳ таолодан сўраймиз, Парвардигор мана шу хатмоналарга қулоқ солиб, ўзимиз китобдан ўқимасак-да, эшитган ҳолимизда ҳам хатмоналар қилишлигимизни насиб айласин. Мўмин-мусулмонларимиз ҳар бирлари қани энди, бу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан суннат, хонадонларимизда Рамазонда ҳеч бўлмаса, битта хатмонани қилсак, хонадонимиз, қалбимиз нурга тўлади, деб ният қилади.
Рамазони шариф бу – тақво ойи. Унда биз тақвога эришамиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Рамазон рўзасининг фарзлигини баён қила туриб, “шоядки, тақводор бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. Рамазонда кўзда тутилган ва қўлга киритиладиган энг катта фойда бу – тақво. Ҳақиқатан ҳам Рамазон бизни тақводор бандага айлантиради. Рамазони шариф ойидан кейин биз ўзимизда тақвони ҳис қила бошлаймиз. Ушбу ойнинг риоясини қилиб, рўза ибодатини қадрлаб, эҳтиромини ўрнига қўйиб, ундан биз тақвони қўлга киритамиз.
Рамазон саҳоват ойи ҳамдир. Мана шундай қийин кунларда мўмин-мусулмонларимиз саҳоватлар қиладилар, закотлари, фидяларини берадилар. Яқин ёр-у дўстларга, қавм-у қариндош, қўни-қўшниларга саҳийлик қиладилар. Мўмин банда саҳарликда, ифторликда кўзи тўқ, дастурхони тўқ ҳолида ўтирса-ю ёнидаги қўшниси, ака-ука, опа-синглиси, қавм-у қариндоши қийналган ҳолатда бўлса, унинг саҳарлиги, ифторлиги қандай татийди?
Аллоҳ таоло бизларга насиба, умр бериб, Рамазони шариф ойига етиб келдик. Энди биздан талаб этиладиган жиҳат – катта ғайрат кўрсатишимиз. Бу ойни ғанимат билиб, ибодатга маҳкам бел боғлаб, Рамазони шариф ойида кўпроқ ибодатлар қилиб, хато ва гуноҳларимизга тавба қилиб, у Рамазондан бу Рамазонгача қилган хатоларимизни кечиришини Аллоҳдан сўрайлик.
Рамазони шариф ойида қилинадиган хатмоналаримиз, дуоларимиз, саҳарлигу ифторликда қиладиган илтижоларимизни шарофатидан халқимизнинг бошидан бу қийин кунларни Ўзи кўтарсин, дуоларимизни қабул айласин”, деди Раҳимберди домла Раҳмонов.
LiveБарчаси