Сенат “снос”, олиб қўйилган ер эвазига уй ва компенсация беришга оид қонунни қабул қилди

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишининг аниқ тартиблари амал қилади. Унга кўра, фуқароларнинг мулк ҳуқуқи таъминланади, ҳатто, ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, 15 йил давомида ҳалол ва узлуксиз мулкка эгалик қилиб келганлар ҳам “снос”га тушган мулки учун давлатдан конпенсация олиши мумкин. Бу бўйича бугун, 28 май куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маъқулланган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларда қайдлар бор. 

Таъкидланишича, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун ялпи мажлис муҳокамасига қадар дастлаб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар билан амалиётда вужудга келиши мумкин бўлган муаммолар инобатга олинган ҳолда бир неча бор муҳокамадан ўтказилган.

Қонунда жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, ўн беш йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилмоқда.

Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида компенсация комиссиялари тузилиши белгиланмоқда.

Мазкур комиссиялар компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди. Компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилмаган ҳолатлар аниқланганда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига ахборот киритилиши ҳам Қонунда белгиланган.

Қонунда жамоат эҳтиёжларига олиб қўйиладиган ер учун бериладиган компенсация турлари ва манбалари ҳам аниқ кўрсатилмоқда. Хусусан, бериладиган компенсация турлари пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборат.

“Мазкур Қонунни ишлаб чиқишда миллий анъана ва қадриятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, яъни битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра, уларга битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп квартирали уйдаги квартиралар) берилиши белгиланмоқда”, дейилади Сенат ахборотида


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг