Сенат муҳим қонунни рад этди
Жамият
−
26 Июнь 2021
20561Бугун, 26 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. Сенаторлар “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Қайд этилишича, БМТнинг коррупцияга, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга, трансмиллий уюшган жиноятчиликка ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги Конвенциялари талаблари ижросини таъминлаш, жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотларининг (ФАТФ стандартлари, Евроосиё гуруҳи ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилишда мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур Қонун билан 3 та Кодекс ва 8 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, “Жиноят ва Жиноят-процессуал” ҳамда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексларга, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, шунингдек, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш киритилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар Қонунни ишлаб чиқишда миллий қонун ҳужжатлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси ва юрист-олимлар фикрлари ўрганилмаган ва таҳлил қилинмаганлиги қайд этди.
Шунингдек, ушбу ҳолатлар, ўз навбатида, турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ҳамда қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан соҳада вужудга келган муаммоларни комплекс таҳлил қилиб, сўнгра амалдаги қонунчилик нормаларини тубдан такомиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш ва шундан сўнггина Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига махсус мусодара қилиш чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланиши билдирилди.
Шу боис Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь