Сенат конституциявий қонунни кўриб чиқади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 18 ноябрь куни чақирилади. Бу ҳақда Сенат Кенгаши мажлисида қарор қабул қилинди.

Қайд этилишича, видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилинади. Жумладан, сенаторлар “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни, “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқади.

Шунингдек, “Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳам кун тартиби доирасида муҳокама этилади.

Бундан ташқари, “Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар сенаторлар эътибор марказида бўлади.

Шунингдек, “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитиш режалаштирилган.

Сенаторлар аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқади.

Шу билан бирга ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати ҳамда енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама этилади.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботини ҳам эшитиш режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг