Сенат қурол тўғрисидаги қонунни рад этди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Бугун, 29 май куни Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон  Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ва қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан Ўзбекистон Республикасида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомиласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи “Қурол тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги ижроси, унинг нормаларини қўллашда вужудга келган муаммолар таҳлил қилинмаган.

Жумладан, жойларда ўтказилган ўрганишларда мамлакатда “Қурол тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ва ўқотар қуролнинг муомиласи билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар аниқланган.

Хусусан, ҳозирги кунга қадар қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати тасдиқланмаган.

Ўқотар ов қуролига эгалик қилиш учун фуқарога нисбатан тиббий чекловлар мавжуд бўлса-да, унинг спиртли ичимликларга ружу қўйганлиги, гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги тегишли рухсатнома олиш учун тўсқинлик қилмайди.

Шунингдек, қурол эгаларини тиббий чекловлар бўйича даврий равишда текшириш, улар билан бирга яшовчи фуқаролар орасида руҳий касалликка чалинган, спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳвандликка мубтало бўлганларига эътибор қаратиш механизмлари мавжуд эмас.

Шу билан бирга, ўқотар ов қуроллари ҳамда пневматик ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари билан кириш таъқиқланган объектлар учун умуммажбурий тартиб ўрнатилмаган.

“Ушбу ҳолатлар, ўз навбатида турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунга мисол қилиб, сўнгги йилларда дунё мамлакатларида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомиласи билан боғлиқ рўй бераётган салбий ҳолатлар, шу жумладан куни кеча Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида мактабда содир этилган аянчли ҳолатни келтириш мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ҳамда қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан соҳада вужудга келган муаммоларни комплекс таҳлил қилиб, сўнгра амалдаги “Қурол тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонунчилик нормаларини тубдан такомиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш ва шундан сўнггина Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади”, дейилади Сенат хабарида.

Сенаторлар Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг муҳимлиги ва аҳамиятини эътиборга олиб, “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

қурол Сенат

Баҳолаганлар

109

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг