Сенат “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади
Жамият
−
12 Март 2021
7583Бугунги кунда деҳқон хўжалиги соҳасидаги муносабатлар 1998 йил 30 апрель куни қабул қилинган амалдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солиб келинмоқда. Бироқ ушбу Қонун ҳозирги замон воқелигига ва норма ижодкорлиги амалиётига мос келмайди. Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар берди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилиши назарда тутилган бўлиб, деҳқон хўжаликлари ерларида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бунда ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва агротехника талабларига риоя қилиш каби мажбуриятларни бажаришга лозим даражада эътибор берилмаяпти.
Мазкур Қонун деҳқон хўжаликларини юритишни ташкил этиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади.
Қонунда деҳқон хўжаликларига тўғридан-тўғри ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига бундан кейин ер участкасини ижара асосида бериш тизимини жорий этиш;
боғдорчилик ва узумчилик учун эллик йил муддатга, сабзавотчилик, полизчилик учун ёки бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун ўттиз йил муддатга ижарага бериш;
деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бинолар ва иншоотларни, шу жумладан, ерости иншоотларини қуришни тақиқлаш, бундан енгил конструкцияли иссиқхоналарни ва бошқа иморатларни, шунингдек суғориш иншоотларини қуриш мустасно;
деҳқон хўжалигига бундан кейин ижарага бериладиган ернинг минимал майдонини белгилаган ҳолда максимал майдонини кўпайтириш (0,06 гектардан 1 гектаргача);
Фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан деҳқон хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми оралиқ қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун 0,06 гектардан 10 гектаргача;
деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмаслиги;
низо мавжуд бўлган тақдирда деҳқон хўжалиги ерларини олиб қўйиш суд тартибида амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Давлат деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.
Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмайди.
Давлат органлари деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга ва уларнинг фаолиятини мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.
Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ер участкалари деҳқон хўжаликларига ижара ҳуқуқи асосида берилиши, ушбу ерларда қонунга хилоф равишда қурилишлар амалга оширилиши ва деҳқон хўжаликларига ажратилган ер участкаларининг ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишини олдини олишга, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиришга эришилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси