Сенат Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юбормоқчи
Жамият
−
28 Февраль 2019
5962Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда маълум қилинишича, таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиётини ўзлаштиришга бутун бошли ўқув йили учун бор-йўғи 4-8 соат ажратилган, холос. Сенат раиси бу ўта ачинарли ҳол эканини қайд этиб, шундай деган:
“Таълим давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек адабиётини алоҳида фан сифатида ўқитиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган”.
Ниғматилла Йўлдошев таълим жараёнидаги айрим ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига Парламент сўровини юборилишини маълум қилган. Бу ҳақда “Халқ сўзи” ёзмоқда.
“Мазкур мактабларда давлат тилининг ҳафтасига бор-йўғи 2 соат ўқитилаётгани таажжубли ҳолдир.
Савол туғилади:Қандай қилиб бундай аҳволда ёшларда ўз Ватанига муҳаббат, эл-юртига ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мумкин?!
Агар рус тилида таҳсил олаётган 581 минг нафардан ортиқ боланинг аксарияти ўзбек фарзандлари эканлигини инобатга олсак, бу саволларнинг нақадар оғриқлилигини, уларга жавобни узоқ йиллар афсусланиб излашга тўғри келишини ҳис қилиш қийин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Юқорида тилга олинган ҳамда дарсликлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар, табиийки, таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Биргина мисол: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017-18 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 8, 9-синф ўқувчилари орасида она тили ва математика фанларидан ўтказилган ёзма иш натижалари ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштириши талаб даражасида эмаслигини яққол кўрсатди.
8-синф ўқувчиларининг она тилидан ўзлаштириш даражаси мамлакат бўйича 72 фоизни, 9-синф ўқувчиларининг математикадан ўзлаштириши эса, 54 фоизни ташкил этган, холос.
Айниқса, она тилидан ўзлаштириш Тошкент шаҳрида 58 фоизни, Наманган вилоятида 32 фоизни, математикадан ўзлаштириш Қорақалпоғистонда 26 фоиз, Наманган вилоятида 23 фоиз, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13 фоизни ташкил этгани ташвишли ҳолдир.
Биз таълим сифати, пировардида бутун миллат келажагига дахлдор бўлган мазкур масалалар ва муаммолар кўламининг ғоят кенглиги, улар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар, олим ва амалиётчилар, экспертлар, қолаверса, кенг жамоатчилик муносабати муҳим эканлигини инобатга олиб, умумтаълим мактаблари дарсликларини тайёрлашнинг бугунги ҳолати юзасидан бир қатор саволлар баён этилган парламент сўровини Бош вазир ўринбосарига йўллашни лозим топдик”, дея алоҳида қайд этган Сенат раиси.