Сенат Apple Pay ва Google Pay бўйича муҳим қонунни маъқуллади

Жамият

image

Бугун, 5 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди

Ушбу ўзгартиришлар Apple Pay, Google Pay, PayPal каби халқаро тўлов тизимларининг мамлакатда ишлашига имкон яратади. Мажлисда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги кўплаб дастурчи ва фрилансерлар хорижий буюртмачилар билан ишлашда халқаро электрон платформалардан фойдаланмоқда. Бироқ, Upvork, Fiverr, Envato ва Storyblocks каби платформаларда тўловлар асосан Pay Pal орқали амалга оширилади. Pay Pal эса Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари билан тўлиқ ишламайди.

Бунинг асосий сабаби – амалдаги қонунчиликка кўра, шахсга доир маълумотлар фақат Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлиги ҳисобланади. Ушбу талаб халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига киришини чеклаб келган.

Сенат матбуот хизматига кўра, янги ўзгартиришлар бу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Эндиликда фақат айрим турдаги шахсга доир маълумотлар – биометрик, генетик ва телекоммуникация хизматларига оид маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши мажбурий бўлади. Бошқа маълумотларни чет элда сақлаш ва узатишга рухсат берилади, бироқ бунинг учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилади.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожига хизмат қилади, фриланcерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов механизмларини яратади ҳамда чет эллик сайёҳлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.

Жамшидбек Амиров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Сенат Apple Pay Google Pay

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг