Сайфуллаев Маданият вазирлигидан кетса ўрнини ким эгаллайди: Назарбеков ё Оқилова?

Жамият

Бу йил Ўзбекистонда маданият ва санъат, ёшларга оид давлат сиёсатига, аёлларга нисбатан эътибор юқори бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 20 январь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида гапирди. 

“Маданиятимизга, санъатимизга, бадиий академиямизга кўпроқ эътибор қиламиз. Маданиятимизга эътибор қиляпмиз, лекин энди  ундан ҳам чуқурроқ эътибор қиламиз. Агар биз маданиятимизни, ҳамма урф-одатларимизни, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳаракат қилсак,мен ўйлайманки, тўғри бўлади”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев сўзида давом этаркан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевнинг сенатор ва Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раислигига тайинланиши ҳақида гапирди. 

“Маданият вазиримизни бекорга бу ерга олиб келиб қўймадик. Жаноб Сайфуллаевнинг жуда-а-а тажрибалари катта. Энди назариядан амалда кўрсатиб... Жуда менга тавсия берардингиз-ку қонунлар шундай бўлса, бундай бўлади деб. Вилоят ҳокими бўлганимизда бизга чиройли насиҳат берардингиз. Энди насиҳатингизни, билимингизни қонун орқали маданиятни улуғлаш, маданият билан санъатга эътибор беришни мана шу қўмитага кўрсатасиз. Тушунарлими ё йўқми?”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг фикрлари ва сўнгги вақтларда маданият ва санъат соҳасидаги муаммолар, оқсоқликларни чуқур таҳлил қилинса, Маданият вазири Сайфуллаев эгаллаб турган лавозимини бошқа бировга бўшаб бериш эҳтимоли катта бўлиб қоляпти. Лекин кимга? Бугун бу лавозимга арзигулик номзод ким? 

Агар Президент айтгандек мамлакатда амалий санъатни, ҳайкалтарошликни, тасвирий санъат, бадиий академия фаолиятини ривожлантириш эҳтиёжи бўлса, унда Маданият вазири лавозимини катта эҳтимол билан вазирнинг ўринбосари, санъатшунос Камола Оқилова эгаллаши мумкин. 

Агар маданият ва санъатни мусиқа, кино ва театр, шунингдек музейлар фаолияти бўйича ривожлантириш назарда тутилаётган бўлса, демак Сайфуллаев ўз ўрнини биринчи ўринбосари Озодбек Назарбековга бўшатиб бериши ҳам мумкин. 

Сайфуллаев ҳали лавозимини тарк этгани йўқ. Балки, тарк этмас ҳам. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бахтиёр Сайфуллаев Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг