Саудия шаҳзодаси узук билан қиролни ўлдирмоқчи бўлганликда айбланмоқда

Олам

image

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бир неча йил олдин ўша пайтдаги қирол Абдуллоҳ бин Абдулазиз Ал Саудни бемалол ўлдириши мумкинлиги билан мақтанган эди. Бундай айблов билан Саудия Арабистони разведкасининг собиқ юқори мартабали ходими Саад ал-Жабри чиқмоқда, дея хабар берди “The Washington Post” газетаси.

Таъкидланишича, 2014 йили ўша пайтда мамлакат ҳукуматида катта роль ўйнамаган шаҳзода Россиядан келтирилган заҳарли узук билан қирол Абдуллоҳни ўлдириши мумкинлигини айтган. 

“Бунинг учун унинг қўлини сиқишим етарли бўлади ва у тайёр”, деган шаҳзода собиқ разведкачининг сўзларига кўра. 

Шу билан бирга, собиқ разведка ходими шаҳзода баёнотини шахсан эшитмаганини бироқ, ушбу гапни Муҳаммад бин Салмон Саудия Арабистонининг бошқа шаҳзодаси, ўша пайтда қироллик разведкаси бошлиғи бўлган Муҳаммад бин Наиф билан учрашганда айтганини таъкидлаб, ушбу суҳбат акс этган видеолавҳа ҳозир ҳам мавжудлигини қўшимча қилган. 

Қайд этиш керакки, қирол Абдуллоҳ бин Абдулазиз Ал Сауд 2015 йилда пневмониядан вафот этган. Шундан бери қиролликни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг отаси Салмон бин Абдулазиз Ал Сауд бошқариб келади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида АҚШ Миллий разведкаси Муҳаммад бин Салмонни Истанбулда саудиялик журналист Жамол Қошиқчини ўғирлаш ёки ўлдириш бўйича операцияни маъқуллаганликда айблаган ҳисоботини эълон қилганди. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари валиаҳд шаҳзода сиёсий репрессия ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишни ташкил қилмоқда, унинг қўл остидаги махсус хизматлар эса фуқароларни ноқонуний кузатиш ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини бузиш билан шуғулланади, деб ҳисоблайди.

Маълумот учун, Саад ал-Жабри 2000-йиллар бошида Саудия Арабистонида “Ал-Қоида” халқаро террорчилик гуруҳига қарши курашга раҳбарлик қилган шаҳзода Муҳаммад бин Наифнинг маслаҳатчиси бўлган. Жабри Саудия Арабистони разведка хизматларининг АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австралия ва Янги Зеландия хизматлари билан алоқаларидаги асосий бўғин бўлган. Ғарб разведка манбаларининг таъкидлашича, Саудия разведкачиси жангарилар фитнасини фош қилиб, юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган: у 2010 йилда Ямандан Чикагога кетаётган самолётга бомба ортилганидан хабар топиб, уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

638

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг