Саудия Эроннинг ҳужумларини қоралаб, Теҳронни огоҳлантирди

Олам

image

Баҳрайн, Иордания, БАА ва Қатар суверенитетининг бузилишини кескин қоралаймиз ҳамда бу вазият жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирамиз. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. 

28 февраль куни Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий инфратузилмасига ялпи зарба беришга ўтди ҳамда Қатар, Баҳрайн, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликларидаги (БАА) стратегик объектларга бир қатор синхрон баллистик зарбалар берганди.

Ҳужум минтақадаги аксарият мамлакатлар ҳаво ҳудудининг зудлик билан ёпилишига ва Америка авиабазалари ҳамда Бешинчи флотнинг логистика тугунига тўғридан-тўғри зарбалар берилгани ҳақидаги хабарлар фонида тинч аҳолининг зудлик билан бошпаналарга эвакуатсия қилинишига сабаб бўлган.

Шу билан бирга, Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси базаси Камяран (Курдистон вилояти) шаҳрида йўқ қилингани ҳақида хабарлар бор.

Абу Дабида портлаш овозлари эшитилгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, Эрон ракеталари Дубайда уриб туширилган.

Ар-Риёдда ҳам портлаш қайд этилган. Айрим ОАВ Эрон баллистик ракеталари Саудия Арабистонидаги Шаҳзода Султон авиабазасига зарба берганини ёзмоқда.

Баҳрайн АҚШнинг Бешинчи флоти хизмат кўрсатиш маркази ракета зарбасига учраганини тасдиқлаган.

Шунингдек, БААнинг Ал-Дафра авиабазаси ва Қувайтдаги Али Ал-Салом авиабазаси ҳам зарбага учрагани ҳақида хабарлар бор.

Вазият минтақада кескинлашиб бормоқда. 

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган. 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Дубай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг