Саудия Арабистони “Ҳаж-2022” мавсуми учун ёш чегарасини белгилади
Жамият
−
12 Апрель 2022
34947“Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиши мумкин бўлган ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги “Ҳаж-2022” мавсумида, пандемия ҳамон давом этаётганини ҳисобга олиб, чет эллик ва маҳаллий ҳожиларга жами 1 миллион киши учун ҳаж ибодатини амалга оширишга рухсат берган.
Бундан ташқари, барча ҳожилар САП Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг 2 дозасини қабул қилган бўлиши зарур.
Хорижий ҳожилар САПга киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЦР маълумотномасини тақдим этиши лозим.
“САП Ҳаж ва умра вазирлиги ҳожиларнинг ибодат амалларини бажариш давомида ўз соғлиқларини сақлаш учун эҳтиёткорлик шартлари ва қоидаларига тўлиқ амал қилишлари зарурлигини катъий талаб қилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур масала “Ҳаж” ва ”Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик Кенгаши ҳамда Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги “Ҳаж” ва ”Умра” масалалари бўйича атташеси билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилмоқда.
Ҳаж мавсуми жорий йил тахминан июль ойининг бошларига тўғри келиши кутилмоқда.
LiveБарчаси