Европа “ёняпти”, Эронда мотам, АҚШда байрам – Weekend
Таҳлил
−
05 июл 2043 13 дақиқа
Кунларнинг исиб бориши жаҳонда юз бераётган воқеаларга ҳам таъсир қилаётгандек гўё. Ушбу сонимизда ҳафтанинг энг қайноқ воқеаларини сизлар билан муҳокама қиламиз.
23 йилдан кейинг илк ташриф. Ўзбекистон ва Грузия раҳбарлари ўртасидаги учрашув бу икки давлатнинг келгусидаги фаол алоқаларига тамал тошини қўйди дейиш мумкин. Бу учрашувда нималарга эришилди?
Европада ёз қирғин бошланди. Экологик муаммолар энди одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Қисқа вақт ичида 20 минг ўлим, ҳатто Яқин Шарқдаги сал кам 4 ойлик уруш учун ҳам катта кўрсаткич. Халқаро мутахассислар эса бунда ҳукуматни айбламоқда. Хўш, нега?
Ташиевга ҳукм ўқилди. Қирғизистонлик собиқ амалдорнинг “саргузаштлари” ўз ниҳоясига етди. Қирғизистон суди унга 4 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосини белгилади. “75 лар хати” деб ном олган жиноят иши нафақат Қамчибек Ташиевни, балки яна бир қатор юқори мартабали давлат амалдорларини ўз домига тортиб кетди.
Эрондан АҚШ мустақиллик кунига “ажойиб совға”. Эроннинг марҳум собиқ раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросими 4 июль санасига белгиланди. Теҳроннинг бу қарори кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, таҳлилчилар буни АҚШга нисбатан мафкуравий босим сифатида баҳоламоқда. Хўш 4 июлдаги мотам ортида қандай мақсад яширин?
Мирзиёев тақдирланди / +1 стратегик шерик
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2–3 июль кунлари Грузияга давлат ташрифи билан борди. Аҳамиятли жиҳати ушбу сафар сўнгги 23 йил ичида Ўзбекистон раҳбарининг Грузияга амалга оширган илк давлат ташрифи сифатида қайд этилди. Ташриф давомида сиёсий мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда маданий-гуманитар муносабатларни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тбилиси халқаро аэропортида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе томонидан тантанали кутиб олинди. Ташрифнинг расмий маросимлари Грузия Президенти Михаил Кавелашвили қароргоҳида давом этди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бошланди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш асосий мавзулардан бўлди. Томонлар саноат, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари ва туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Алоҳида эътибор Транскаспий халқаро транспорт йўлаги имкониятларидан самарали фойдаланиш, Қора денгиз портлари орқали юк ташишни ривожлантириш ва Ўзбекистон экспорти географиясини кенгайтиришга қаратилди.
Ташрифнинг энг муҳим натижаларидан бири – Ўзбекистон ва Грузия ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши бўлди. Шунингдек, иқтисодиёт, божхона, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа йўналишларни қамраб олган кўплаб икки томонлама битим ва меморандумлар имзоланди. Янги мақом сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш ва минтақалараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун ҳуқуқий асос яратди.
Ўзаро ишонч рамзи ва келгусидаги мулоқотларни ривожлантириш мақсадида Грузияда Ўзбекистоннинг элчихонасини очиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди. Элчихонанинг очилиши сиёсий мулоқотни жадаллаштириш, фуқароларга консуллик хизматларини кўрсатиш, бизнес вакиллари учун қулай шароит яратиш ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан ҳам тақдирланди. Ушбу мукофот унга икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда минтақалараро алоқаларни кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун топширилди. Бу мукофот Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашганининг рамзий ифодаси сифатида эътироф этилди.
Президент Мирзиёев Тбилисидаги Қаҳрамонлар майдонига ҳам ташриф буюриб, Грузия мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди. Шунингдек, Тбилиси шаҳрида буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳайкалнинг очилиши ўзбек ва грузин халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, адабий ва маънавий меросни кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим рамзий қадам сифатида эътироф этиш мумкин.
Умуман олганда, Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Жанубий Кавказ йўналишидаги яна бир муҳим қадам бўлди дейиш мумкин. Стратегик шериклик мақомининг ўрнатилиши, дипломатик ваколатхонанинг очилиши, иқтисодий ва транспорт соҳасидаги янги келишувлар, шунингдек маданий-гуманитар ташаббуслар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни узоқ муддатли ва тизимли асосда ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Европа иссиқдан ўлмоқда
Ёз келиши билан Европада ғалати тренд бошланади. Ҳар йили юзлаб инсонлар касалликдан эмас, урушлар ёки бошқа ҳарбий амалиётлар оқибатида эмас, ҳавонинг исиб кетиши туфайли ҳалок бўлишади. Маълумотларга кўра, 2015–2021 йиллар оралиғида Европада ҳар йили ўртача 19 000 дан 28 000 гача инсон ёзги иссиқ туфайли вафот этган бўлса, 2022 йилдан бошлаб бу кўрсаткич кескин ошиб, 47 000 дан 68 000 нафаргача инсоннинг умрга зомин бўла бошлади.
Бу йилги ёз ҳам бу рекордларни янгилашга ҳаракат қилмоқда. Ҳали ёз фаслининг яна икки ойи олдимизда турибди, аммо Европада иссиқ туфайли ҳалок бўлганлар сони аллақачон 20 мингга яқинлашиб қолган. Индиана университетининг Блумингтон шаҳридаги иқлимшунос олим ва доцент Кристофер Каллахан ҳали экспертлар томонидан кўриб чиқилмаган тадқиқотда 22-28 июнь кунлари Европа бўйлаб иссиқлик билан боғлиқ 20 390 та ўлим ҳолатини тахмин қилмоқда. Reutetrs нашрининг маълумотларига кўра фақатгина Франция, Белгия ва Нидерландияда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 3 700 нафардан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган.
“Европа Ер юзидаги энг тез исиб бораётган қитъа бўлиб, глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори даражада исиб бормоқда”, деб ёзди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус.
Аллақачон экстремал иссиқ Европа давлатлари ҳукуматларини хавотирга солиб қўйди. Португалия экстремал иссиқ туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Маълумотларга кўра, мамлакатнинг марказий қисмида кундузи ҳаво ҳарорати 44 даражагача кўтарилиши мумкин. Португалиянинг материк қисмидаги 18 та округдан 12 таси яқинлашиб келаётган жазирама сабабли “қизил” ҳудуд деб эълон қилинган.
Ҳавонинг кескин исиб кетишидан энг кўп зарар кўрганлар қаторида Италия, Испания, Германия, Греция ва Руминия давлатлари тилга олинмоқда. Мамлакатларда жамоат жойларида махсус қурилмалар ва транспорт воситалари ёрдамида сув сепиш чоралари кўрилмоқда. Аммо халқаро экспертлар бу каби иккиламчи чораларни етарли эмас деб баҳолаб, қитъа давлатларини ёзги иссиққа етарли тайёргарлик кўрмаганликда айбламоқда. Ҳа, ўзбеклар худди қишга тайёргарлик кўргани каби, оврўпаликлар ёзнинг жазирамасига ҳам тайёрланиши керак бўлмоқда.
Олимлар бундай жазирама иссиқнинг тўлқинлари иқлим ўзгариши туфайли тобора тез-тез такрорланишини йиллар давомида таъкидлаб келаётган бўлса-да, кўплаб Европа давлатлари ҳали ҳам бу таҳдидга тўлиқ мослаша олгани йўқ. Муаммо фақат инсонлар саломатлиги билан чекланмаяпти. Юқори ҳарорат темир йўл инфратузилмасига зарар етказиб, поездлар ҳаракатини издан чиқармоқда. Шифохоналар, мактаблар ва боғчаларда ҳарорат хавфли даражага кўтарилмоқда, қишлоқ хўжалигида эса ҳосилдорлик пасайиб, ёнғинлар хавфи ортмоқда. Бу ҳолат иқлим инқирози иқтисодиёт, ижтимоий барқарорлик ва миллий хавфсизликка ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганини намоён этмоқда. Шу боис, бугунги кунда иқлимга мослашиш сиёсати экологик ташаббусдан кўра кенгроқ тушунча дейиш мумкин.
Ташиев қамалди
Қирғизистон сиёсатида узоқ йиллар давомида энг қудратли амалдорлардан бири сифатида кўрилган Қамчибек Ташиев устидан ҳукм ўқилди. 2 июль куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлган “75 лар хати” деб ном олган жиноят иши бўйича қарор чиқарди. Суд собиқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринишда айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Бироқ тайинланган жазо уч йиллик пробация назоратига алмаштирилгани сабабли у жазони колонияда ўташдан озод қилинди.
Мазкур иш бўйича ҳукм фақат Ташиевга нисбатан чиқарилмади. Собиқ парламент спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, собиқ депутатлар Қурманқул Зулушев ва Қурманбек Дийқанбоев, жамоат арбоби Бекболот Талғарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбоев, собиқ Бош вазир ўринбосари Аали Карашев ҳамда собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов ҳам худди шу модда бўйича айбдор деб топилди.
Суд қарорида жазонинг пробация билан алмаштирилиши бежиз эмаслиги қайд этилди. Судья жиноят охирига етказилмаганини, у фақат тайёргарлик босқичида қолганини, шунингдек, айбланувчиларнинг шахсини ҳисобга олиб, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ҳам тузатиш мумкин, деган хулосага келганини билдирди. Бунга қадар давлат айбловчиси барча судланувчилар учун тўққиз йиллик қамоқ жазоси сўраган эди.
Қамчибек Ташиев ва унинг ҳимоячилари эса ҳукмни адолатсиз деб баҳолади. Адвокатлар суд қарори устидан апелляция шикояти берилишини маълум қилди. Иш фигурантларининг бирортаси ҳам суд давомида ўз айбини тан олмади.
Шов-шувли жиноят иши “75 лар хати” номи билан машҳур бўлиб кетган мурожаатдан бошланган. Жорий йилнинг февраль ойида интернетда Президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги парламент спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номига йўлланган жамоавий мурожаат тарқалди. Уни 75 нафар сиёсатчи ва жамоат арбоби имзолаган бўлиб, унда мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказиш масаласи кўтарилганди. Тергов органлари мазкур мурожаатни оддий сиёсий ташаббус эмас, балки ҳокимиятни эгаллашга қаратилган режанинг бир қисми сифатида баҳолади.
Орадан кўп ўтмай, 10 февраль куни Президент Садир Жапаров ўзининг энг яқин сафдоши ҳисобланган Қамчибек Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод қилди. Жапаров бу қарорини жамиятда бўлиниш ва қарама-қаршиликларнинг олдини олиш зарурати билан изоҳлади. Айнан шундан кейин мамлакатда оммавий текширувлар ва ҳибслар бошланиб, маҳаллий сиёсий доираларда “катта тозалаш” номини олган жараён авж олди.
Қамчибек Ташиев 2020 йилда Садир Жапаров ҳокимият тепасига келганидан сўнг, мамлакатдаги энг таъсирли амалдорлардан бирига айланганди. У бир вақтнинг ўзида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига раҳбарлик қилиб, коррупцияга қарши кескин кураш ва давлат хавфсизлиги масалаларида асосий фигурага айланган эди. Сиёсий кузатувчилар ҳатто уни Қирғизистоннинг навбатдаги президенти бўлиши мумкин бўлган сиёсатчилар қаторида тилга оларди. Айнан мана шу машҳурлик ва юқори амбициялар бугун унинг бошига мана шундай балолар келтирмоқда.
АҚШнинг мустақиллик кунига совға
Тинчликка умид йўқ. Яқин Шарқдаги вазият бизга шундай демоқда. Тузилган сулҳ-у меморандумларнинг ҳеч бири узоққа бормади. Томонларнинг бир-бирига ишончи қолмагани аниқ. 28 июнь куни Эрон АҚШ билан режалаштирилган техник музокараларни бекор қилди. Нафақат келишувдан кейинги ҳарбий тўқнашувлар, балки Теҳрон томонидан илгари сурилган айрим шартлар, жумладан, музлатиб қўйилган маблағларни қайтариш масаласининг ҳал этилмагани Теҳронни музокараларни давом эттириш иштиёқини сусайтирди.
Буни қарангки, олдинроқ қилган таҳминларимиз ўз тасдиғини топди. Муаммо бўлиши кутилган Ҳормуз масаласи яна марказга чиқди.
“Ҳормуз бўғозининг суверенитети Эрон ва Уммонга тегишли ва бўғоздаги транспорт ҳаракати Эрон томонидан белгиланган келишувларга боғлиқ”, деди Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Бақир Қолибоф.
АҚШ вице-президенти Жей ди Вэнс эса халқаро сув йўлидан бож олишга йўл қўйиб бўлмаслигини, бўғоз можародан олдинги тартибда ишлашда давом этиши кераклигини айтмоқда. Яна унинг таъкидлашича, Ҳормуздаги кескинликка қарамай нефть нархлари тушишни бошлаганини таъкидлаган.
Ҳали уруш тўлиқ тугаб-тугамасданоқ, Теҳрон расмийлари кутилмаган мафкуравий қадам ташлади – уруш ҳаракатлари оқибатида ўлдирилган Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ва унинг бир неча оила аъзоларининг жасадлари солинган тобутлар оммавий видолашув учун Теҳрон марказида намойишга қўйилди. Сана танлашга ҳам алоҳида эътибор берилган, 4 июль – АҚШ мустақиллик куни.
Маросимлар 4 июлдан 9 июлгача мамлакатнинг бир нечта стратегик ҳудудида давом этади. Расмий жиҳатдан бу қарор ташкилий ва диний сабаблар билан изоҳланаётган бўлса-да, минтақавий таҳлилчилар уни Вашингтонга йўлланган кучли сиёсий ва мафкуравий сигнал сифатида баҳоламоқда.
Дафн маросимининг айнан 4 июлга белгиланиши кўпчиликнинг эътиборини тортди. Бу сана АҚШ учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги кенг нишонланади. Президент Дональд Трамп иштирокидаги асосий тантаналар, ҳарбий парадлар ва байрам тадбирлари ҳам шу кунга режалаштирилган. Теҳроннинг айнан шу вақтда миллий мотам тадбирини бошлаши кўплаб кузатувчилар томонидан тасодиф эмас, балки сиёсий рамз сифатида талқин қилинмоқда. Бу орқали Эрон ўзининг ташқи босимларга қарамай мафкуравий жиҳатдан таслим бўлмаганини намойиш қилишга уринмоқда.
Бундан ташқари, 4 июль шиалик тарихида ҳам муҳим диний сана билан уйғун келади. Бу эса маросимга нафақат сиёсий, балки кучли диний мазмун ҳам бағишламоқда. Эрон раҳбарияти давлатчилик, диний қадриятлар ва ташқи қаршилик ғоясини бир нуқтада жамлашга ҳаракат қилмоқда.
Бу рамзий ёндашув маросим атрибутларида ҳам акс этди. Хоманаийнинг расмий “Х” саҳифасида эълон қилинган суратларда унинг тобути бир вақтлар Карбалодаги Имом Ҳусайн мақбараси узра ҳилпираган муқаддас қизил байроқ билан ёпилган ҳолда намойиш этилган. Эрон ҳукумати ушбу байроқни “қаршилик фронти, фидойилик ва ҳақиқатга содиқлик рамзи” сифатида таърифлаб келади. Бу орқали Хоманаий шахси Карбало воқеаси билан маънавий жиҳатдан боғланиб, унинг ўлими диний қурбонлик сифатида талқин қилинмоқда.
Шу билан бирга, Теҳрон ушбу тадбир учун мисли кўрилмаган ташкилий ресурсларни сафарбар қилди. Давлат хизматчилари, олий таълим муассасалари, касаба уюшмалари, ўт ўчириш хизматлари, мунтазам армия бўлинмалари, гуманитар ташкилотлар ва махсус мотам гуруҳлари маросимларни ўтказишга жалб этилди. Урушда катта молиявий инқироз билан чиққан мамлакатнинг бундай улкан харажатли маросимни ташкил этиши аниқ бир мафкуравий мақсад кўзланган бўлса ажаб эмас.
Диққатга сазовор жиҳатлардан яна бири – давлат ахборот сиёсати. Сўнгги кунларда марказий телевидение ва давлат оммавий ахборот воситалари эфирининг асосий қисми Хоманаий ҳаёти, унинг сиёсий мероси ва мотам маросимларига бағишланди. Бу жараён ҳатто АҚШ билан эҳтимолий ядровий музокаралар ҳақидаги хабарларни ҳам кун тартибининг иккинчи даражасига сурди. Бу эса расмий Теҳрон ҳозирги босқичда ташқи дипломатик муҳокамалардан кўра ички бирдамлик ва мафкуравий сафарбарликка устувор аҳамият бераётганини кўрсатади.
Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, бу маросим оддий дафн тадбири эмас. У Ислом Республикасининг сиёсий барқарорлиги, давлат институтининг узлуксизлиги ва ташқи босимларга қарши туриш қобилиятини намойиш қилишга қаратилган катта сиёсий саҳна вазифасини ўтамоқда. Хусусан, CNN таҳлилига кўра, Теҳрон бу орқали нафақат ўз аҳолисига, балки АҚШ, Исроил ва бошқа рақибларига ҳам аниқ сигнал юбормоқда: мамлакат раҳбарияти алмашган бўлиши мумкин, аммо Ислом Республикасининг мафкуравий асослари ва қаршилик сиёсати ўзгармайди, Эрон ҳануз оёқда.
Терма жамоа Тошкентда тантанали кутиб олинди
Мундиалдаги иштирокдан ўзбек футболи ютди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2026 гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлай олмаган бўлса-да, футболчилар юртга ҳақиқий қаҳрамонлар сифатида қайтди. 1 июль куни Тошкент халқаро аэропортида уларни минглаб мухлислар, ҳукумат вакиллари ва спорт жамоатчилиги тантанали равишда кутиб олди.
Жамоа сардори Элдор Шомуродов Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоанинг Шимолий Америкада бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатидаги қониқарсиз натижаси учун узр сўради ва шунга қарамай, қўллаб-қувватлаган ўзбек халқига миннатдорчилик билдирди.
“Барча футболчилар жаҳон чемпионатида борини берди. Шуни айта оламан. Ёмон натижага қарамай, бу нарсадан Ўзбекистон футболи ва Ўзбекистон ютди деб ўйлайман, чунки шунча одамларни бирлаштира олдик шу футбол орқали. Бу, бунинг ўзи бизни фахрланишга арзийди деб ўйлайман. Албатта, натижа учун барчадан узр сўраймиз”, дейди Элдор.
Дарҳақиқат, терма жамоамиз вакиллари жаҳон чемпионатида муваффақиятли ўйин кўрсата олмаган бўлса ҳам қатор футболчиларга турли клублар қизиқиш билдираётгани айтилмоқда. Жумладан, жамоа ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозовга Германиянинг “Боруссия Мёнхенгладбах” клуби қизиқаётгани ҳақида хабарлар бир қатор нуфузли нашрларда пайдо бўлди. Яна бир ёрқин ўйин кўрсатган терма жамоа вакили Беҳруз Каримовга кучли бешлик лигаларида иштирок этувчи бир нечта клубдан таклифлар борлиги айтилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон 2030-йилги Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига яна кўплаб Европа жамоаларида ўйнайдиган лигеонерлар билан бориши мумкин.
Алоҳида эътиборга молик жиҳатлардан бири шундаки, аввалроқ терма жамоанинг ўйинларини кескин танқид қилган сиёсатчи Алишер Қодиров ҳам футболчилар билан учрашиб, улардан фахрланишини билдирди. Унинг таъкидлашича, мундиалдаги натижалар кутилгандек бўлмаган бўлса-да, Ўзбекистон футболи тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этишнинг ўзи катта ютуқ ва келажак учун мустаҳкам пойдевордир.
Биз ишонамизки, Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев ва уларнинг жамоадошлари ҳали ўзларининг энг яхши ўйинларини намойиш этади (ва Роналду билан бир майдонда ўйнаш орзу бўлиши керак эмаслигини исботлайди (фром Диван эксперти)). Бутун QALAMPIR.UZ жамоаси номидан миллий терма жамоасига навбатдаги учрашувларда омад, куч ва зафар тилаймиз. Бу ҳали якуни эмас – балки катта ғалабалар сари бошланаётган янги саҳифадир.
Live
Барчаси