Сардор Умурзоқов Мулла Абдул Ғани Бародар билан кўришиб, келишиб олди

Жамият

image

Ўзбекистон Афғонистон билан юзага келаётган масалаларни ҳал қилишни тезлаштириш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга тайёр. Бу ҳақда Кобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилишида сўз борган. 

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислигидаги делегация Қобулга борди. Вазир Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Абдул Ғани Бародар билан кенгайтирилган йиғилишда иштирок этди.

Учрашув чоғида томонлар инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек-афғон ҳамкорлигининг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашганлар.

Афғон томони мамлакатда хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берган.

Қайд этилишича, "Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор" транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, мавжуд барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирганлар.

“Мулоқот чоғида Ўзбекистон компанияларини инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Яқин келажакда ўзбек – афғон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилди.

Шунингдек, томонлар яқин орада ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали транзитни кўпайтириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Учрашув чоғида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари алоҳида йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурдилар ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилишни тезлаштириш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар”, дейилади Инвестициялар ва ташқи сайдо вазирлиги тарқатган хабарда. 

Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида икки томонлама муносабатларни кенгайтириш устуворлиги таъкидланган ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги тадбирлар белгилаб олинган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сардор Умурзоқов Қобулда Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан учрашган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сардор Умурзоқов Мулла Абдул Ғани Бародар

Баҳолаганлар

393

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг