Сардор Умурзоқов экспортчилар муаммоларига суст қараётган ҳоким ўринбосарининг танобини тортди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Қорақалпоғистон Республикаси ва 11 вилоятнинг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари “савалади”.

Гап шундаки, кеча, 28 март куни видеоконференция тарзида Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ташқи савдо фаолиятининг бугунги ҳолати ва уни рағбатлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар тармоқлар ва ҳудудлар кесимида экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва бу борада мавжуд муаммолар юзасидан ҳисобот берган. Тадбиркорлар ва экспортчилар муаммоларини ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сустлиги туфайли алоҳида раҳбарлар фаолияти қаттиқ танқид қилинган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларининг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилган.

Юқорида қайд этилган раҳбарларга экспортчилар билан вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар даражасида манзилли ҳамкорликни фаоллаштириш вазифаси қўйилган. Экспортга йўналтирилган корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига корхоналарга бириктирилган ходимлар тегишли идоралар раҳбарлари билан бирга шахсан жавобгар эканлиги қайд этилган.

Шунингдек, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги истиқболли бозорларни кашф этиш ҳамда экспортга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш учун янги захира ва имкониятларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги таъкидланган.

Йиғилиш якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига берилган вазифалар ижроси юзасидан қўшимча манзилли топшириқлар берилган. Уларнинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сардор Умурзоқов

Баҳолаганлар

258

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг