“Санжик” алдов билан сотилган ҳовлини болалар уйига топширди (видео)
Жамият
−
25 Октябрь 2025 19586 3 дақиқа
Аввалроқ, бўлажак куёв алдов йўли билан қизнинг ҳовлисини сотиб юборгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва бизнесмен “Санжик” (Санжар Каримов) турли хил муҳокамалардан сўнг 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилди. Бу ҳақда блогер ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
“Санжик”нинг айтишича, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган бу масалада кўпчилик фақат шов-шув (hype) ортидан қувмоқда, аммо ҳеч ким бу вазиятда қандайдир амалий ечим таклиф қилмаяпти. Жабрланувчига ҳеч ким: “Манзилингизни айтинг, мен 1000 ёки ҳеч бўлмаса 100 доллар ёрдам бермоқчиман” каби сўзларни айтмаяпти. Ҳамма бировнинг пулни тақсимлаш, бировнинг ўрнига қарор қабул қилишга тайёр.
“Шунга қарамай, биз катта ёшли инсонлар, диний уламолар ва оиламиз аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда, шундай хулосага келдикки, ушбу уйни ихтиёрий тарзда болалар уйига эҳсон сифатида топширамиз. Биз ҳозиргина болалар уйига бориб, бу ҳақда ариза топширдик, яъни, уйни давлат номига, болалар уйи фойдасига, нотариал тартибда ихтиёрий эҳсон тариқасида бериш истагимизни билдирдик.
Бу ҳолат ҳаммамиз учун сабоқ бўлсин – ҳам биз учун, ҳам жабрланувчининг оиласи учун. Ҳар йили йил охирида мен эҳсон, закот қиламан. 2025 йил учун шу 240 минг долларимни айнан мана шу йўл билан болалар уйига уй ҳадя қилиш орқали эҳсон ва закот сифатида беришга қарор қилдим”, дейди у.
“Санжик”нинг қўшимча қилишича, етим болалар уйга, бошпана ва меҳрга кўпроқ муҳтож. Улар ҳам бахтли бўлишга ҳақли.
Маълумот учун, 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган. Бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Санжик”ка 240 000 АҚШ долларига сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
Барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тергов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судига юборилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши доирасида суд жараёнлари бошланган.
Live
Барчаси