Саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайди
Жамият
−
15:05 673 2 дақиқа
Ўзбекистонда сўнгги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайди. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари ҳар бир вазир, ҳоким, тармоқ раҳбари соҳаси, тизими, корхоналарига янгича бошқарув олиб кириб, бор ресурслардан самарали фойдаланса, анъанавий экспорт бозорлари ва маҳсулотларига боғланиб қолмасдан, янги йўналишларни топиб, тадбиркорларга йўл очиб берса, сунъий интеллект, рақамлаштириш бўйича мутахассисларни жамлаб, инновациялар қилса, салоҳиятли ёшларни топиб, “стартап клуб”лар ташкил этса, уларнинг ишланмаларини корхоналарда қўлласа, янада юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга барча имкониятлар борлигини таъкидлаган.
Лекин кўп раҳбарлар жон куйдириб, катта марра олиш ўрнига ҳеч қандай ўзгариш қилмаса ҳам ўз-ўзидан таъминланадиган режалар олгани кўрсатиб ўтилган.
Сўнгги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайган. Лекин ушбу кўрсаткич автомобиль ишлаб чиқаришда атиги 20,7 фоиз, электр ускуналарида 29,3 фоиз, озиқ-овқат саноатида 30,1 фоиз, чарм саноатда 33,4 фоиз, кимё саноатда 40,4 фоизни ташкил қилиб, қўшилган қиймат пастлигича қолмоқда.
2023-2025 йилларда мана шу 5 та тармоққа жами 12 миллиард доллар инвестиция киритилган, 200 дан зиёд янги қувватлар ишга тушган. Масалан, агротехнология ўзгаргани учун деҳқонлар далада суюқ ўғит ишлатишни афзал кўряпти. Лекин ҳалигача кимё заводлари бунга мослаша олгани йўқ. Фақат анъанавий минерал ўғит ишлаб чиқармоқда.
Live
Барчаси