Самолётда чеккан аёл жаримага тортилди
3-саҳифа
−
13 Июнь 2023
6502Тошкентдан Самарқандга учаётган самолётда сигарет чеккан 70 ёшли аёл жаримага тортилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” Матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, ҳодиса кеча, 12 июнь куни Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйича парвоз вақтида содир бўлган. 70 ёшли аёл самолёт ҳожатхонасида сигарет чекишни бошлаган. Тамаки маҳсулоти ҳидини сезган йўловчилар унга самолёт бортида чекиш қатъиян тақиқланганини тушунтиришга ҳаракат қилган. Бунга жавобан аёл ўз норозилигини билдирган.
Борт кузатувчилари вазият ҳақида самолёт командирига хабар берган ва у Самарқандга етиб келгач, ҳуқуқ-тартибот ходимларини чақиришга қарор қилган. Самолёт бортида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилгани учун йўловчига нисбатан ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жаримани назарда тутувчи маъмурий баённома тузилган.
Маълумот ўрнида, самолёт бортида чекиш қатъиян ман этилади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 122-моддаси 2-қисми билан тартибга солинган. Бундан ташқари, бортда чекиш нафақат бошқа йўловчилар учун ёқимсиз, балки жуда хавфли эканини ҳам тушуниш лозим. Бу самолётда хавфли тутун чиқиши ва ёнғинга ҳамда авиа ҳалокатга олиб келиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь