Мусулмонлар Фаластинни алдадими?

Таҳлил

“Мақсади қотиллик”, “уюшган терроризм” дея номланган Исроилнинг Фаластинга ҳужуми, Ўзбекистондан тиббий, Қирғизистондан гуманитар ёрдам таклифи, Тожикистон раҳбарининг Бирлашган Миллатлар ташкилотига қарата айтган очиқча танқиди, Туркиянинг доимий баёнотлари билан Ар-Риёдда навбатдан ташқари Араб-ислом саммити бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида навбатдан ташқари араб-ислом саммити ўтказилди.

Саудия Арабистони раислигида ўтган мазкур тадбирда Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё, Африка қитъасининг етакчи мамлакатларининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

Масалан, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Ливан Бош вазири Нажиб Микати, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Нигерия Президенти Бола Тинубу, Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Араб Лигаси бош котиби Аҳмад Абоул Гҳеит ва бошқалар.

Саммитда кун тартибига мувофиқ, халқаро ҳамжамиятнинг Ғазо ва Ливандаги кескинликни камайтириш, юзага келаётган вазиятни тез фурсатда сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони

Тадбирга мезбонлик қилаётган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон саммит очилишида Исроилдан Ғазо ва Ливандаги ҳарбий тажовузни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди.

11 ноябрь куни Араб Лигаси ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) қўшма саммити олдидан қилган чиқишида “қора шаҳзода” “Фаластин ва Ливан халқига қарши содир этилган қирғинни” қоралади. Бутун дунё давлатларини эса Фаластин давлатчилигини тан олишга чақирди.

Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият “масъулиятни ўз зиммасига олиб”, Исроил “геноциди”ни тўхтатиш учун “ҳозир ҳаракат қилиши” керак. Унинг айтишича, Саудия Қироллиги “ҳам Фаластин, ҳам Ливан халқини қўллаб-қувватлашда давом этади.

Араб Лигаси бош котиби Аҳмад Абул Ғайт ҳам Саудия валиаҳдининг фикрларига қўшилиб, Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётини қоралади. Унинг айтишича, Фаластин халқининг оғир аҳволини сўз билан ифодалаб бўлмайди.

“Исроилнинг Фаластин халқига қарши қилган ҳаракатлари мустаҳкам тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга путур етказмоқда. Адолат билангина мустаҳкам тинчлик ўрнатишимиз мумкин”,  деди Абул Ғайт.

Ташкилот Яқин Шарқ минтақасидаги инқирозга чек қўйиш учун, биринчи навбатда, кескинликни янада кучайтирмасдан, можаро тарқалишининг олдини олиш зарурлигини таъкидламоқда. Шу муносабат билан учрашувда Аҳмад Абул Ғайт зудлик билан Ироқ, Сурия ва Эроннинг ҳудудий суверенитетини сақлаб қолиш устида ишлаш кераклигини билдирди.

Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон унинг гапларини тасдиқлаб, ёнгинасида ўтирган Эрон вакилини қўллаб, Эрон суверенитетини ҳурмат қилишга ва унинг ҳудудига ҳужум қилмасликка чақирди.

Бугун Фаластин ҳудудидан Ливангача кўчган уруш, мамлакатнинг Бош вазири Нажиб Микатини ҳам саммитга етаклаган. У Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши уруш олиб бораётгани баҳонаси билан унинг мамлакатига “мисли кўрилмаган” зарар етказаётгани ва унинг суверенитетига таҳдид солаётганини билдирди.

“Ливан мисли кўрилмаган тарихий ва экзистенсиал инқирозни бошидан кечирмоқда, бу унинг бугуни ва келажагига таҳдид солади”, деди у.

Исроил билан доимий равишда ихтилофга бориб юрадиган Эрон президенти Масъуд Пезешкиён мамлакатининг долзарб муаммолари туфайли йиғилишда қатнашмади. Аммо унинг ўрнига саммитга келган Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф саммитдаги нутқида Исроилнинг ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” етакчиларига суиқасдларини қоралаб, буни “уюшган терроризм” деб атади.

“Мақсадли қотиллик” деган алдамчи иборалар билан концепциялаштирилган амалиётлар давомида Фаластин элитаси ва минтақадаги бошқа давлатлар раҳбарлари бирин-кетин ёки оммавий равишда ўлдирилиши қонунсизлик ва уюшган терроризмдан бошқа нарса эмас”, деди у.

Эрон вице-президенти Муҳаммад Орифга кўра, “Ғазо сектори ва Ливанда ўт очишни тўхтатиш мутлақо зарур” ва халқаро ҳамжамият “урушни тугатиш учун қатъий позицияни эгаллаши” керак.

Аммо Фаластин халқаро ҳамжамият ва араб-ислом оламидан бундан кўпроғини кутмоқда. Мамлакат Президенти Маҳмуд Аббос халқаро ҳуқуқни бузгани учун Исроилнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзолигини тўхтатиб қўйишга чақирди. Унинг ўрнига Фаластин ташкилотга тўлиқ аъзо бўлиши керак ва буни барча давлатлар қўллаб-қувватлаб туриши лозим.

Аббоснинг сўзларига кўра, Исроилнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги фаолиятини тақиқлаш ҳақидаги қарори “фалокат”.

Шунингдек, Фаластин Президенти Исроилнинг Ғазо секторидан чиқиб кетишга мажбур қилиш бўйича резолюциясини амалга оширишга чақирди. У ўз нутқи давомида дунёнинг барча давлатларини Исроил билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга чақириб, халқаро ҳамжамиятдан Исроилга қарши санкциялар жорий этишни сўради. Аммо унинг бу сўрови саммитда ўтирган бирон давлат томонидан аниқ қўллаб-қувватланмади.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий араб ва ислом давлатлари саммитидаги нутқида Исроилнинг Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Ливанга қарши тажовузлари халқаро сукунат шароитида бир йилдан ортиқ давом этаётганини эслатди.

Ас-Сиси, Фаластинни йўқ қилишга қаратилган ҳар қандай режага қарши эканлигини таъкидлаб, хавфсизлик ва барқарорликни амалга оширишнинг зарурий шарти 1967 йилги чегаралар ичида пойтахти Қуддус бўлган Фаластин давлатини ташкил этиш эканини маълум қилди.

Иордания қироли Абдуллоҳ II, сионистик режимнинг Ғазо секторида фаластинликларга қарши содир этган жиноятларига ишора қилиб, халқаро ҳамжамиятнинг Ғазо секторида инсоний фалокатнинг олдини олиш учун жиддий ва қатъий позицияни эгаллашга чақирди.

Иордания қироли:

“Ғазо сектори блокадасини олиб ташлаш, Ғарбий Соҳилда ҳужумларнинг кучайишини тўхтатиш, Ливан суверенитетини қўллаб-қувватлаш ва бу давлатга қарши урушни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни зудлик билан кучайтиришимиз керак”, деб таъкидлаган.

Жиддийлик талаб қилинган бундай баёнотларни эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давом эттирди. У Ар-Риёддаги йиғилишда сўзлаган нутқида: “Сионистик режим бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг идораси бир томондан, Эрон билан муносабатларда ҳарбий тарангликни кучайтиришга ҳаракат қилаётгани ва бошқа томондан, у Ливанга ҳужумларини давом эттираётгани салбий оқибатларга олиб келишини билдирди.

“Фаластиндаги геноцид жиноятчиларига қарши курашда саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш муҳим ва шу нуқтаи назардан, Исроилга қурол эмбаргоси ​​ва у билан савдонинг олдини олиш жуда муҳимдир”.

Фаластин халқи учун энг аниқ таклифлар Марказий Осиё давлатлари тилидан ҳам янгради. Масалан, Ўзбекистон раҳбари глобал сиёсат кун тартибидаги энг ўткир ва оғриқли масала – Фаластин муаммосига бағишланган саммитни ташкил этгани учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга алоҳида миннатдорлик билдирар экан, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.

Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳам бегуноҳ фуқаролар, жумладан, болалар, ўсмирлар ва аёлларнинг ўлдирилиши халқаро ҳамжамият томонидан кенг қораланиши кераклигини таъкидлади. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеясини халқаро ҳамжамият номидан зўравонликларни тўхтатиш ва можарони ҳал қилиш учун қатъий чоралар кўришга чақирди ва агар гуманитар йўлаклар очилса, Қирғизистон инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатишга тайёр эканини баён қилди.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Фаластин муаммосини ҳақиқий ҳал этиш ва минтақада адолатли ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш фақат БМТнинг мустақил ва суверен Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги резолюцияларини амалга ошириш орқали бўлишини қатъий таъкидлади ва бунда Тожикистон 1967 йилги чегаралар асосида пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган Фаластин давлатини яратиш тарафдори эканини билдирди.

Унинг қўшимча қилишича, икки томонлама позицияни эгаллаган баъзи томонлар сукут сақламоқда ва Ғазо секторида давом этаётган инсонпарварлик фожиасига эътибор бермаяпти.

Раҳмоннинг айтишича, ҳозирги босқичда Ташкилотга аъзо давлатлар мақсадли гуманитар режа асосида Фаластин халқига зарур ва шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича самарали чоралар кўриши зарур. Тожикистон эса имкон даражасида бу ишга ҳисса қўшган ва келажакда ҳам ҳисса қўшади.

Асосий саммитдан сўнг Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтган. Унда ҳам юқорида тилга олинган гаплардан кам бўлмаган гаплар айтилди, Исроилнинг тажовузкорона хатти-ҳаракатлари қораланди. Масалан, Эрон Ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий ва халқаро масалалар бўйича ўринбосари Казем Ғарибободий Исроил режимининг ҳимоясизларга қарши жиноятларини давом эттиришда АҚШ ва Ғарб давлатларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қоралаган. У сионистик режим “Ғарбнинг ноқонуний боласи” сифатида ҳар қандай жавобгарликдан озод қилинганини ва бундай вазиятда Фаластин халқи ўзини ишғолдан ҳимоя қилиш ва тажовузга қарши туришга тўлиқ ва қонуний ҳуқуққа эга эканлигини таъкидлади.

Аммо бирор давлат на Исроилга қўлланилажак санкциялар борасида ва на уни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан чиқариб юбориш борасида аниқ розилик изҳор қилмади. Бу эса кўплаб нашрлар ва сиёсатшунослар томонидан Ар-Риёдда бўлиб ўтган саммитнинг “қуруқ гаплардан иборат саммит”, “доимий баёнотлар такрори” дея ном олишига сабаб бўлди.

Масалан, Al Jazeera нашри саммит Қоҳирада жойлашган Араб Лигаси ва Жиддада жойлашган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоларининг Ар-Риёдда ўтган шунга ўхшаш йиғилишидан бир йил ўтиб ўтказилган бўлса-да, айтарли ўзгариш бўлмаганини ёзиб чиқди.

“Мамлакат билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларни узиш ёки нефть таъминотини тўхтатиш чақириқларига қарамай, етакчилар Исроилга қарши чора кўриш борасида келиша олмади”.

Халқаро инқироз гуруҳи таҳлилий марказининг Форс кўрфази бўйича катта таҳлилчиси Анна Жейкобс эса ўтган ҳафтада Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига сайланиши ва унинг Оқ уйда кутилаётган иккинчи муддати – Ар-Риёддаги етакчиларни ўйлантирса керак, деган фикрда.

“Ушбу саммит минтақа етакчилари учун Трамп маъмуриятига АҚШнинг иштироки бўйича нимани хоҳлашларини билдиришлари учун жуда катта имкониятдир. Хабар диалог, вазиятни юмшатиш ва Исроилнинг минтақадаги ҳарбий кампанияларини чақиришдан бири бўлиши мумкин”, деган у AFP ахборот агентлигига.

Шундай экан, хўш, бу саммит Фаластинга нима берди? Саммитнинг якуний баёнотида БМТ резолюциялари ва 2002 йилдаги Араб тинчлик ташаббусига ишора қилинган, 1967 йилдан олдинги чегараларга қайтишга чақирилган, 38 банддан иборат резолюция қабул қилинди.

57 давлат етакчилари пойтахти Шарқий Қуддус бўлган суверен Фаластин давлати зудлик билан зарурлигини таъкидлаб, бунга эришиш учун аниқ қадамлар ва муддатларни ўз ичига олган халқаро ҳомийлик режасини ишлаб чиқишга келишди.

“1967 йил 4 июнда Шарқий Ал-Қудс пойтахти бўлган Фаластин эрининг бирлиги ва Фаластин давлатининг суверенитети ва Фаластин Озодлик Ташкилоти Фаластин халқининг ягона қонуний вакили эканлигини яна бир бор тасдиқлади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made