СамДУ ўқитувчиси $4 000 пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
17 Июнь 2022
8357Фуқарони “Ўзбекистон-Финляндия” педагогика институтига 4 000 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган Самарқанд давлат университи ўқитувчиси ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд давлат университети ўқитувчиси С.М. фуқаро Н.ни 4 000 АҚШ доллари эвазига ушбу университет қошидаги “Ўзбекистон-Финляндия” педагогика институтига “Тасвирий санъат ва чизмачилик” йўналишига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
С.М. фуқародан келишилган пулдан 2 000 АҚШ долларини жорий йилнинг 7 июнь куни олиб, қолган 2 000 АҚШ долларини олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг, С.М. ўз айбига иқрор бўлиб, Н.дан олган 2 000 АҚШ долларини қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро У.М. ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Н.Р. фуқаро Д.ни танишлари ёрдамида ушбу университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шу каби, Андижон вилояти Бўстон тумани Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми директори А.А. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро О.ни ўзи раҳбарлик қилиб келаётган техникумга ўқишга киритиб қўйиши эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси