Самарқанддаги электр тармоқлари бошқаруви Туркия компаниясига ўтди
Жамият
−
19 Ноябрь 2025 3514 2 дақиқа
Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси халқаро тендер ғолиби деб топилди ва 30 йил муддатга Самарқанд вилояти электр энергияси тақсимлаш тармоқларини бошқариш ҳуқуқини олди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш” мавзусидаги III Давлат-хусусий шериклик давра суҳбати доирасида Aksa Enerji компаниясига ғолиблик тақдимномаси топширилган.
“Aksa Enerji” 1960 йилда ташкил этилган “Kazanci Holding” таркибига киради. Холдинг нафақат энергетика, балки қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳам лойиҳалар ишлаб чиқади. Компания, шунингдек, Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали ва Конго каби бир қатор мамлакатларда электр станцияларини қурмоқда.
Туркия компанияси Ўзбекистонда ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга оширган: 2022 йил январда Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси, шу йилнинг январь ойида Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган ИЭС ишга туширилган.
Маълумот учун, давлат-хусусий шериклик дастурига кўра, 2027 йил 1 июлгача барча ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини хусусий операторларга ўтказиш бўйича шартномалар имзоланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, энергетика тизими ташкилотлари 2025 йил 1 октябрь санасидан расман куз-қиш мавсумига кириб келди. Шу муносабат билан, магистраль электр тармоқларида 2025/2026 йил куз-қиш мавсумигача амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, мавсум давомида бажариладиган ишлар юзасидан ҳисобот берганди.
Live
Барчаси