Самарқанддаги аэропорт “Мустақиллик”ка битказиладими? Транспорт вазири жавоб берди
Жамият
−
29 Апрель 2021
5082Ўзбекистонда шундай анъана борки, у ҳам бўлса республика ҳудудида қурилаётган аҳамиятга молик бирор иншоот қайсидир байрамгача битказилиши ёки ўша байрам куни обьектнинг очилиш маросими ўтказилиши керак.
Тошкент метрополитенининг янги линияларининг қурилишини тезлаштириш, ишни бир неча сменада ташкил этиб, лойиҳани эртароқ битказиш зарурлиги ҳақида хабар берилганди. Янги қурилган Сергели ва Тошкент ер усти метро линияси билан ҳам шундай бўлди. Янги метро йўналишлари 21 март – Наврўз байрамида ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 апрель куни Самарқандга ташрифини Самарқанд халқаро аэропортидан бошлаганди. Ўшанда Президент Матбуот хизмати берган хабарда ушбу аэропорт жорий йилнинг сентябрь ойидан фойдаланишга топширилиши кўзда тутилгани айтилган. Балки аэропорт очилишини Мустақиллик байрамига мўлжаллашгандир.
“Байрамми байрам, тезроқ битириш керак”, қабилида иш кўрилиб, сифат эсдан чиқиб қолмайдими? “Вақтида улгуриш керак”, деган босим остида ишлаш лойиҳанинг мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар мобайнида беталафот аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини пасайтирмайдими? Ушбу саволларга Ўзбекистон Транспорт вазири – “Uzbekistan Airways” AЖ бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов қуйидагича жавоб берди:
“Самарқандда қурилаётган аэропорт – бу халқаро талабларга жавоб берадиган аэропорт. Ушбу аэропортни нафақат бизнинг Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси, балки халқаро IATA компаниялари қабул қилиб олади. Ушбу аэропорт нафақат биз, балки дунё стандартларига жавоб бериши керак.
Сиз айтганингиздек, қурилаётган обьектнинг тугалланишини қайсидир санага мўлжаллаш умуман нотўғри, деб ўйлайман. Бу олдиндан шаклланган қандайдир анъана бўлиши мумкин, лекин Самарқандда қурилаётган аэропортда бу каби ҳолат мавжуд эмас. Бизда қурилишни якунлаш учун қатъий қилиб қўйилган муддат йўқ. Президентимиз Самарқандга борганларида аэропорт битганидан, фойдаланишга топширилгандан кейин қандай бўлишини яхшилаб ўйлашни ҳамда ушбу лойиҳани шошилмасдан амалга ошириш кераклигини айтдилар. Aйни дамда бизнинг махсус графигимиз мавжуд ва мана шу графикка асосан Самарқанд халқаро аэропортидаги қурилиш ишларини жорий йилнинг 1 октябрига қадар якунлаймиз”, дейди Илҳом Маҳкамов.
Маълумот ўрнида, Самарқанд шаҳрида қурилаётган халқаро аэропорт доирасида янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилиши белгиланган. Бугунги кунда узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда. Янги терминал замонавий дизайнга ва бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич 400 нафар эди.
LiveБарчаси