Самарқандда UNESCO’нинг янги Бош директори сайланади

Жамият

image

Самарқанд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёрланмоқда. 30 октябрдан 13 ноябргача UNESCO Бош конференцияси 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида, бўлиб ҳам Ўзбекистонда ўтказилади.

Ушбу тадбир доирасида жорий йилнинг 6 ноябрь куни UNESCO Бош директори номзоди ташкилотга аъзо давлатлар томонидан сайланади. Бош конференция томонидан сайлангандан сўнг, номзод ноябрь ойининг ўрталарида лавозимга киришади.

Ҳозирда UNESCO Бош директори сифатида Одри Азуле ишлаб келмоқда. У бу лавозимни 2017 йилда эгаллаган ва 2021 йилда иккинчи муддатга сайланган. Одри Азуле Франция собиқ маданият вазири бўлиб, телерадиоэшиттириш, кино ва маданий меросни ҳимоя қилиш соҳасида тажрибага эга. Унинг раҳбарлигида UNESCO бир нечта йирик лойиҳаларга, жумладан, "Мосул руҳини жонлантириш" ташаббусига, қизлар учун сифатли таълимни тарғиб қилишга ва сунъий интеллект этикасига эътибор қаратди.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни UNESCO Ижроия Кенгаши томонидан Бош директор лавозимига мисрлик Холид ал-Ананий номзоди кўрсатилди  Ал-Ананий Парижда бўлиб ўтган ташкилот ижроия кенгаши сессиясида 58 та овоздан 55 тасини олиб, ҳал қилувчи ғалабага эришди.

Унинг ягона рақиби, Конго Республикасидан 69 ёшли Фирмин Эдуард Матоко иккита овоз олди, АҚШ эса овоз беришда бетараф қолди.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ал-Ананийни “катта ғалаба” билан табриклади ва сайловни “Мисрнинг дипломатик ва маданий тарихига ҳамда араб ва Африка халқларининг ютуқларига қўшилган тарихий ғалаба” деб таърифлади. Унинг қўшимча қилишича, бу ғалаба Мисрнинг цивилизация мавқеини акс эттиради. Президент ас-Сиси ал-Ананий маданий мулоқотни мустаҳкамлашига ва глобал меросни ҳимоя қилишига ишонч билдирди.

Ал-Ананийнинг номзоди Самарқандда ташкилотнинг Бош конференциясида барча UNESCO аъзо давлатлари орасида овозга қўйилади. Бош конференция томонидан сайланганидан сўнг, у ноябрь ойининг ўрталарида Одри Азуленинг ўрнини эгаллайди. Сайланса, унинг ваколат муддати 2029 йилгача давом этади. Ушбу сайлов билан ал-Ананий UNESCO’нинг 12-бош директори ва ташкилотнинг 80 йиллик тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи араб ва иккинчи африкалик бўлади.

Холид Аҳмад ал-Ананий 1971 йилда туғилган. Монпелье Поль-Валери университетида (Франция) мисршунослик бўйича докторлик даражасига эга. У Миср цивилизацияси миллий музейини (2014-2016) ва Қоҳирадаги Миср музейини (2015-2016) бошқарган. 2016 йилдан 2022 йилгача у Миср Араб Республикасининг қадимий ёдгорликлар вазири, кейин эса туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири лавозимларида ишлаган.

У бир нечта халқаро илмий жамиятларнинг аъзоси. 2024 йил ноябрь ойида у Жаҳон туризм ташкилоти томонидан маданий туризм бўйича махсус элчи этиб тайинланди ва яқинда Африка Жаҳон мероси жамғармасининг ҳомийси бўлди. Холид Аҳмад ал-Ананий араб, француз ва инглиз тилларини билади.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд БМТ UNESCO

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг