Самарқандда ўндан ортиқ ноқонуний қурилишлар аниқланди
Жамият
−
19 Октябрь 2023
9264Самарқанд шаҳрида қурилаётган ўндан ортиқ бинолар шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда қурилаётгани аниқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га Самарқанд вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси матбуот хизмати раҳбари Сарвар Бобоназаров маълум қилди.
Унга кўра, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан мониторинг ишлари давомида биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида ўндан ортиқ шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган қурилишлар қилинаётгани аниқланган. Жумладан:
Самарқанд шаҳар Фарҳод кўчаси 2-манзилда фуқаро И.Ҳ. томонидан қурилаётган бино;
Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси 36-манзилда "S.D.S.” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар жой биноси;
Самарқанд шаҳар Спитаменшоҳ кўчаси 264-манзилда "P.L.H." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар жой биноси;
Самарқанд шаҳар Боғдод кўчаси 26-манзилда "S.O.S." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси;
Самарқанд шаҳар Спитаменшоҳ кўчаси ҳудудида фуқаро Ў.А. томонидан қурилаётган меҳмонхона биноси;
Самарқанд шаҳар М-37 магистраль автомобиль йўли ёқасида "T.B.A." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси;
Самарқанд шаҳар М-37 магистраль автомобиль йўли ёқасида “M.B." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси;
Самарқанд шаҳар Қорасув массивида "S.T.S.I." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси;
Самарқанд шаҳар Қорасув массивида “B." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси;
Самарқанд шаҳар Қорасув массивида "S.R.S." МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноси;
Самарқанд шаҳар Илғор кўчаси 25-манзилда "R.I." МЧЖ томонидан қурилаётган турар-жой биноларининг қурилишлари ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан амалга оширилаётганлиги маълум бўлган.
Ушбу қурилиш ўзбошимчалик билан олиб борилаётгани сабабли, жорий йилнинг март, май ойларида огоҳлантириш хатлари, шу йилнинг 27 июлида эса қурилишни тўхтатиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган. Бироқ шунга қарамасдан, қурилиш ишларини давом эттиргани сабабли МЧЖ раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан маъмурий жазо қўлланилган.
Турар жой биносидаги қурилиш ишларининг сифати ўрганилганда қурувчи томонидан қатор камчиликлар ҳам қайд этилган. Хусусан, ёпма темир бетон плиталар монтаж қилинганда оралиқ масофаси лойиҳада 14 см қолдирилиши кўрсатилган, бироқ жойида 5 см масофа қолдирилган. Қурилиш материалларини сақлаш учун махсус омборхоналар ташкил қилинмаган, оқибатда арматуралар коррозияга учраган. Пардеворларда терилган газоблокларнинг вертикал ва горизонталь чоклари қоришма билан тўлиқ тўлдирилмаган, арматураланган зилзилага қарши камарлар ишчи лойиҳа асосида бажарилмаган.
Шунингдек, объектга олиб келинган плиталарнинг сифати ўрганилганда белгиланган талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Юқоридаги қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан фуқаро ва тадбиркорларга ёзма кўрсатмалар берилган. Шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб, инспекция рўйхатидан ўтказилганига қадар объектларда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь