Самарқандда собиқ ИИБ ходими 14 ёшли қизни ўғирлаб кетди
3-саҳифа
−
09 Март 2023
17802Самарқанд шаҳрида 38 ёшли эркак 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизни ўғирлаб кетди. Ҳозирда гумонланувчи шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Кеча, 8 март куни Самарқанд шаҳрида соат тахминан 8:00 ларда 1985 йилда туғилган фуқаро С.У. маст ҳолда Nexia-3 машинаси билан ўқув маркази олдида турган 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизга ўзини киракаш деб таништирган. Фуқаро С.У. қизни уйига олиб боришини айтиб, алдаб машинага ўтирғизган. Аммо уйига олиб бормасдан, машинани бошқа томонга бошқариб кетган.
Вояга етмаган қиз машинадан тушиб қолмоқчи бўлганда С.У. автомобиль эшикларини қулфлаб қўйган. У машинани Оқдарё тумани Бошдархон маҳалласи, Янги обод қишлоғигача бошқариб борган. У автомашинасини шинаси ҳаво босими чиқиб кетгани сабабли автомашинадан тушиб, ғилдиракларига қараётган вақтида қиз машинадан тушиб, қочиб кетган. Шундан сўнг, қиз шу ерда бўлган фуқаролардан ёрдам сўраган.
Ҳолат юзасидан қизнинг яқинлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган.
Самарқанд Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Сагдуллаевга кўра, фуқаро С.У. собиқ ИИБ ходими бўлган ҳамда салбий ҳаракатлари учун ишдан бўшатилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида С.У. қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.
LiveБарчаси