Самарқандда ОТБ йиғилиши бўлиб ўтади

Жамият

image

Ўзбекистон 2025-2026 йилларда Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашига раислик қилади ва кенгашнинг йиллик йиғилиши 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки президенти Масато Кандо бошчилигидаги делегацияни қабул қилганида сўз очилди.

Суҳбат аввалида ОТБ раҳбари мамлакат етакчисини стратегик шерикликнинг 30 йиллиги ҳамда 2025-2026 йилларда банкнинг Бошқарувчилар кенгашига раислик Ўзбекистонга ўтгани билан табриклади. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда – қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошди. Шунингдек, “яшил” энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Суверен бўлмаган молиялаштириш механизмлари фаол жорий этилмоқда.

ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йиллик йиғилишига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти бўлажак тадбир доирасида ОТБ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини имзолаш, унда инфратузилмани ривожлантириш, техник ва муҳандислик кадрларини тайёрлаш, хотин-қизлар ва ёшларни янги касбларга ўқитиш, камбағалликни қисқартириш, ипотека бозори ва хусусий секторни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ташаббусини илгари сурди.

Банкнинг йирик миллий ва минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида транспорт, энергетика ва савдо лойиҳаларини илгари суришда фаол иштирок этиши муҳим экани таъкидланди.

ОТБ президенти Масато Кандо мамлакатдаги кенг кўламли янгиланишлар натижаларини юксак баҳолади ҳамда Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун, 2025 йил 6-7 май кунлари Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 58-йиллик йиғилишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлигида иштирок этди. Йиғилишда 2025–2026 йиллар давомида ОТБ Бошқарувчилар кенгаши раислиги Ўзбекистонга ўтиши расман эълон қилинди. Жамшид Хўжаев кенгаш раиси сифатида тасдиқланди. Шунингдек, йиғилиш якунида ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик мажлиси 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Осиё тараққиёт банки ОТБ Масато Кандо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг