Самарқандда мингга яқин дарахт аҳолининг ўзига кестирилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
27 Ноябрь 6219 1 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида канал қурилиши давомида мингга яқин дарахт кесиб ташлангани хабар қилинди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, туманда 23 километрдан ортиқ масофага чўзилган Оқтепа канали суви вақтинча тўсилиб, унда бетонлаштириш ишлари бошланган. Келдон, Небўса, Ўроқли, Гулзор ва Мингчинор маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи канал бўйидаги мингга яқин дарахт йиқитилгани айтилмоқда.
“Турли дарахтлар, жумладан, терак, тол, тут, ёнғоқ каби дарахтлар мораторий талабига зид равишда кесиб ташлангани кўриняпти. Қизиғи шундаки, айни пайтда бутун Республика бўйича сув танқислиги кузатилмоқда. Ерости сувлари, сизот сувлари ҳам қочган, яъни бир дарахтни экиб қўйгандан кейин унинг кўкариши, бу даражага олиб келиш жуда ҳам қийин”, деган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев.
Баъзи дарахтлар канал бўйида яшовчи аҳолининг ўзига кестирилгани маълум қилинди.
“Шу каналнинг назоратчиси кестирди. Кесинглар, бизга шунга буйруқ берилган, олиб ташланглар, президентнинг қарори бор, деди”, деган фуқаролардан бири.
Билдирилишича, кесилган дарахт таналари фуқароларнинг ўзларига қолдирилиб, уларнинг ярим пулини тегишли ирригация тизими бошқармасига тўлаш шарт қилиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 174 туп дарахт кесиб ташланганди.
Live
Барчаси