Самарқандда маст эркак ўқитувчини калтаклади (видео)
3-саҳифа
−
30 Октябрь 8265 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида спиртли ичимлик таъсирида бўлган фуқаро мактаб ўқитувчисини калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 27 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган 112-умумтаълим мактабида фаолият юритувчи ўқитувчига маст ҳолатда бўлган фуқаро ҳужум қилган ва мактаб раҳбарияти ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлимига хабар берган.
Шундан сўнг, ўқитувчи туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
“Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўқитувчининг аҳволидан хабар олиш мақсадида тиббиёт бирлашмасига борган. Айни пайтда ўқитувчининг умумий аҳволи яхши”, дейилади хабарда.
Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишлари бошланган. Келишмовчилик сабаби ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги 41-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчи қизлари жанжаллашган эди. Ҳолат юзасидан жараёнда иштирок этган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган ҳамда туман ИИБ масъуллари томонидан жараёнда иштирок этган жами 12 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) мувофиқ мамурий баённомалар расмийлаштирилган.
Бунёд Келдибоев