Самарқандда инспекция бош мутахассиси пора билан қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
05 Июль 7738 1 дақиқа
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Самарқанд вилояти бўлими бош мутахассиси 2500 доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у Пахтачи туманидаги МЧЖлардан бирига қарашли ғишт заводида назорат текширувини амалга ошириш вақтида аниқланган камчиликларни бўрттириб, гўёки 226 млн сўмлик сифатсиз ғишт маҳсулотлари ишлаб чиқарилган ва реализация қилинганлигини айтган.
Шундан сўнг, ўтказилган текширув юзасидан тузиши лозим бўлган баённомада ушбу 226 млн сўм жаримани 25 млн сўмгача камайтириш эвазига 3 000 АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бош мутахассис ўз хизмат хонасида 2500 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхандарё вилояти Олтинсой тумани кадастр ходими давлат захирасидаги ер майдонини 1,1 млрд сўмга сотишга келишиб, фуқародан 300 млн сўм пора олаётганда ушланганди.
Live
Барчаси