Самарқандда икки солиқчи беш йилга қамалди
3-саҳифа
−
09 Январь
9477Самарқандда икки нафар солиқ инспекцияси ходими пора олгани учун қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.
Маълум бўлишича, Самарқанд тумани солиқ инспекцияси ходими Булунғур туманида тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога солиқлардан асоссиз ҳисобланган қарздорликни камайтиришда ёрдам беришини айтган.
Солиқ инспектори ушбу “хизмати” эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилади. У тадбиркорнинг қарийб 300 млн сўмлик солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда Булунғур тумани солиқ инспекциясида камерал солиқ текширувлари шўъбаси бошлиғини шерик қилади.
Солиқчи Самарқанд шаҳридаги кафелардан бирида тадбиркордан келишилган пулнинг 500 долларини олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида солиқ ходимлари Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
LiveБарчаси