Самарқандда 800 ўринли янги шифохона қурилади

Жамият

−

image

Давлат-хусусий шериклик модели асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли шифохона қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва йирик тиббиёт объектларини барпо этиш юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган 35 та инвестиция лойиҳасидан иборат портфель шаклланган. Улар янги ихтисослашган марказлар ва кўп тармоқли шифохоналар қуриш, мавжуд тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлаш, замонавий кадрлар тайёрлашни қамраб олади.

Янги тиббиёт муассасаларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилишда уларнинг жойлашуви, қуввати ҳамда кўрсатадиган хизматлари аҳолининг эҳтиёжига мос бўлиши муҳим. Тақдимотда инвестиция лойиҳаларини шу асосда шакллантириш, уларга хусусий секторни жалб этиш ва тиббиёт муассасаларини бошқаришнинг янги усулларини жорий қилиш масалаларига эътибор қаратилган.

Хусусан, Миллий онкология маркази, Республика неврология ва инсульт маркази, Тошкент вилоятида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қашқадарё вилоятида янги шифохоналар ҳамда Нукус шаҳридаги оналар ва болалар марказини барпо этиш, Термиз шаҳрида тиббий таълим дастурларини йўлга қўйиш, давлат-хусусий шериклик модели асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли шифохона, Бухоро вилоятида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини ташкил этиш режалаштирилган.

Тақдимотда ушбу лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида маълумот берилган.

Бундан ташқари, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган тўққизта истиқболли лойиҳа бўйича таклифлар шакллантирилган. Улар неврология ва инсульт, руҳий саломатлик ва наркология хизматлари, болалар онкологияси ва гематологияси инфратузилмасини ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, унинг автопаркини янгилаш ҳамда тиббий кадрлар тайёрлашни қамраб олади.

Келгусида тиббиётга инвестиция жалб қилиш соғлиқни сақлаш инфратузилмасининг мастер-режаси билан боғланади. Шу асосда 2040 йилгача мўлжалланган инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилган. Аввало, амалдаги лойиҳалар хатловдан ўтказилиб, уларнинг долзарблиги ва амалга ошириш имкониятлари баҳоланади. Кейин ҳудудлар эҳтиёжига мос лойиҳалар танланиб, уларнинг инвестиция паспортлари ва ягона портфели шакллантирилади. Стратегия хусусий инвесторлар, халқаро молия институтлари ва донорлар билан ишлашда устувор йўналишларни белгилаб беради.

Тиббиёт муассасалари фаолиятига хусусий секторни жалб қилишнинг муҳим йўналиши – аутсорсинг. Келгуси йилдан амал қиладиган янги тартибга кўра, муассасалар айрим тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий ташкилотлардан харид қилиши мумкин бўлади. Бунда хизмат кўрсатувчи билан узоқ муддатли шартнома тузиш, хизмат ҳажми ва сифатини олдиндан белгилаш, натижани аниқ мезонлар асосида баҳолаш таклиф этилмоқда. 2030 йилга бориб хизматлар харидида аутсорсинг улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ушбу жараённи шаффоф юритиш учун “Тиббиёт аутсорсинги” электрон тизимини жорий этиш режалаштирилган. Унда хизматлар, ижрочилар ва шартномаларнинг ягона реестри юритилиб, кўрсатилган хизмат ҳажми, сифати ҳамда тўловлар кузатиб борилади. Тизимни давлат харидлари билан боғлаш ҳам назарда тутилмоқда.

Йирик тиббиёт ташкилотларига профессионал бошқарувчиларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлган. Уларни очиқ танлов асосида саралаш ва фаолиятини ҳар йили белгиланган натижа кўрсаткичлари бўйича баҳолаш кўзда тутилган. 2030 йилгача бешта йирик муассасада шундай бошқарувни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари соҳанинг инвестиция стратегияси ва тақдим этилган лойиҳаларни мастер-режа асосида пухта ишлаб чиқиш, амалдаги лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг