Самарқандда 7 ва 9 ёшли қизлар зўравонликка учради
3-саҳифа
−
26 Апрель 25001 2 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида вояга етмаган икки нафар қизга нисбатан зўравонлик ҳолати юзасидан текширув бошланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 21 апрель куни Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. вақтинча васийлигида бўлган 2 нафар вояга етмаган қизлар Б.Д. (2019 йилда туғилган) Б.М.нинг (2017 йилда туғилган) ҳозирда хорижда бўлган онаси Д.М.дан пул ундириш мақсадида турли шаклдаги тазйиқ ўтказиб, болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳаракатларини содир этиб, буни видеога олган.
Болалар омбудсманининг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили жойига чиққан тарзда ҳолатни ўрганиб, болаларни ҳимоялаш юзасидан зарурий тезкор чораларни кўрган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ терговга қадар текширув олиб боомоқда, туман васийлик органи – “Инсон” маркази масъуллари томонидан М.С. васийликдан четлатилган.
Болаларга етказилган тан жароҳати даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббиёт экспертиза тайинланган.
Болалар омбудсмани минтақавий вакили томонидан вояга етмаган қизларнинг руҳий барқарорлигини таминлаш мақсадида психолог жалб қилинган.
Шунингдек, қизлар тумандаги оилавий болалар уйига жойлаштирилган ҳамда яшаш ҳудудига яқин мактаб ва мактабгача таълим ташкилотига расмийлаштирилиб, болаларнинг хавфсиз оилавий муҳитга ва таълим олишга бўлган ҳуқуқлари тикланган.
Қайд этилишича, ҳозирда болаларнинг хориждаги онаси ўз ота-оналик мажбуриятларини бажариши даражаси ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оҳангарон шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти ходимининг тарбияланувчи болалардан бирига жисмоний куч ишлатиб, уни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаганди.
Live
Барчаси