Самарқандда 18 талабага баҳо қўйишни талаб қилган сохта КҚКА ходими ушланди
Жамият
−
06 Февраль 2021
7233Жорий йилнинг 21 январь куни Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. ушбу ҳудуддаги олий таълим муассасаси раҳбариятига қўнғироқ қилиб, ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, мазкур университет талабаси – таниши Д.Ю. ҳамда гуруҳнинг бошқа 17 нафар талабасига чет тили фани бўйича ўтказилаётган давлат имтиҳонидан қониқарли баҳо қўйишни талаб қилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, фуқаронинг ушбу ноқонуний талаби олий таълим муассасаси томонидан қондирилмагач, фуқаро М.С. такроран қўнғироқ қилиб, ушбу вазиятни зудлик билан ижобий ҳал қилишни, акс ҳолда масъуллар Тошкент шаҳрига чақиртирилиши билан таҳдид қилади.
Жорий йилнинг 29 январь куни мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат келиб тушди ҳамда фуқаро М.С. нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.
Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда тегишли идоралар томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида фуқаро М.С. нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида олинган дастлабки маълумотлар ўз тасдиғини топган.
Ҳолат юзасидан жорий йилнинг 3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилган.
Суд жараёнида М.С. ва Д.Ю. айбига иқрор эканликлари, мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларни аввалдан тил бириктирган ҳолда амалга оширганликларига иқрор бўлиб, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини билдириб ўтган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаролар М.С. ва Д.Ю. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланди.
LiveБарчаси